Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида конвенция имзоланди

Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида конвенция имзоланди

Каспийбўйи минтақаси ресурслари ва транспорт салоҳияти туфайли унга ёндашган давлатлар учун стратегик аҳамиятга эга. Каспий денгизи мақоми юзасидан келишув бешта давлатнинг барчаси учун узоқ кутилган воқеа бўлди. Ўтган йили Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган Каспийбўйи давлатлари бешинчи саммитида Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Россия ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида конвенцияни имзолашди. Томонлар акваторияни турли режимдаги зоналарга чегаралаш бўйича бир тўхтамга келдилар, бошқа денгизлар ва дунё океанига эркин транзит тўғрисида келишилди.

ҲАМИД БЭЙДИНЕЖАД, ЭРОННИНГ БУЮК БРИТАНИЯДАГИ ЭЛЧИСИ:

 - Муваффақиятли ўтказилган Ақтау саммитидан кейин улкан ишонч ҳиссини туя бошладик. Ҳозир барча техник муаммолар ечимини топа оламиз.

Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида конвенция доирасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари хусусида гаплашиб олиш учун куни-кеча Қозоғистон ва Эрон дипломатлари учрашишди. Бу тадбирни Британия – Қозоғистон жамияти ташкил қилди. Томонлар савдо-иқтисодиёт, транспорт-транзит, маданий-туристик соҳалар юзасидан фикр алмашишди. Каспий денгизининг ноёб экосистемасини сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

ДЖЕФФРИ ТЭМПЛ, БРИТАНИЯ – ҚОЗОҒИСТОН ЖАМИЯТИ АЪЗОСИ:

 - Мен денгиз тирик табиати тарихи, балиқ саноати дуч келган қийинчиликлар, шунингдек, уларни бартараф этиш учун мамлакатлар қўллаётган илғор усуллар ҳақида билиб олдим.

Учрашувда Қозоғистоннинг Европа ва Осиё ўртасида трансқитъа юк ташишни ривожлантиришдаги фаол ишлари айтилди, ҳамда Қуриқ ва Ақтау портлари имкониятлари муҳокама қилинди.

Фото: vestikavkaza.ru