Халқаро кузатувчилар – Қозоғистондаги сайловлар ҳақида

Халқаро кузатувчилар – Қозоғистондаги сайловлар ҳақида

Қозоғистонда ўтган Президент сайловлари жаҳон стандартларига мувофиқ ва мамлакат демократик ривожланаётганидан далолат беради. Халқаро кузатувчилар шундай фикр билдирди. АҚШ вакили Жон Гарднернинг айтишича, ушбу сайловларда уни энг ҳайратлантирган нарса ёшларнинг фаол иштироки бўлган. Шунингдек, хорижлик кузатувчи кўзи ожиз ва эшитиш аъзоларида муаммоси бор фуқаролар учун яратилган шарт-шароитларни таъкидлаб ўтди.

ДЖОН ГАРДНЕР, ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИ /АҚШ/:

- Қозоғистонда, АҚШда бўлгани каби, имкониятлари чекланган одамлар овоз бериши учун барча шарт-шароит яратилган. Сайлов участкаларининг бирида ногиронлар овоз бериши учун  махсус сайлов қутиси жўнатилганини кўрдим. Турли сиёсий партиялар вакиллари қутини олиб кетди ва овоз бериш ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилди. Фикримча, Қозоғистондаги сайлов жараёни барча меъёрларга мувофиқ келади. Бу эса мамлакат демократик ривожланаётгани белгиси.

Шу билан бирга, халқаро кузатувчилар сайловчилар жуда фаол бўлганини тилга олди. Эслатамиз, Марказий Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич мамлакат бўйича ҳисоблаганда 77,5 фоизни ташкил қилган.

ВАЛЕРИЙ-АНДРЕЙ СТЕРИУ, ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИ /РУМИНИЯ/:

- Фикримча, бунда демократик сайловларнинг барча қоидаларига амал қилинди. Одатда аҳолининг ярмигина сайловга келадиган менинг ватанимга нисбатан олганда, сизда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишни истовчилар улуши жуда катта.

РИЗО ТАБРИЗИЙ, ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИ /БУЮК БРИТАНИЯ/:

- Қозоғистондаги сайловлар барча стандартларга мувофиқ равишда, мутлақо меъёр доирасида ўтди. Мен бирор участкада қандайдир шикоятларга дуч келмадим. Бу Қозоғистон тарихидаги демократия ривожи  учун муҳим кун бўлди.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистондаги сайлов жараёнини кузатиш учун минг нафардан ортиқ халқаро кузатувчи ташриф буюрган.