Нур-Султонда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Нур-Султонда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Нур-Султонда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда аъзо давлатлар – Қозоғистон, Россия, Беларусь, Қирғизистон раҳбарлари ва Арманистон бош вазири иштирок этди. Юбилей саммитида Тожикистон ва Молдова давлат раҳбарлари ҳам қатнашди. Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам Саммит фахрий меҳмони сифатида анжуманга таклиф этилди. Элбоши Евроосиё Иқтисодий иттифоқини «20 миллион квадрат километрли улкан ҳудудда барпо этилган тенги йўқ иттифоқ», деб атади.

НУРСУЛТОН НАЗАРБОЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ЭЛБОШИ:

- Биз Евроосиё Иқтисодий иттифоқи, Европа иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва АСЕАН ўртасида тўлақонли иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз зарур. Бу жуда мураккаб вазифа, аммо биргаликда ишласак, ҳар қандай ғояни рўёбга чиқара оламиз. Бизнинг Евроосиё Иқтисодий иттифоқимизнинг моҳияти ўз қобиғимизга яширинишда эмас, уни жаҳон учун очиқ шаклга келтиришда.

Мамлакат Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев мазкур саммит Евроосиё интеграцияси ғояси эълон қилинишининг 25 йиллиги ва Евроосиё Иқтисодий иттифоқининг 5 йиллиги муносабати билан ўтаётганига урғу берди. Ўз нутқида у ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиши ва Евроосиё Иқтисодий иттифоқи барпо этилишида Назарбоев ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

ҚАСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Қозоғистон Биринчи Президентининг сиёсий зукколиги, стратегик жиҳатдан узоқни кўзлай олиши туфайли Евроосиё интеграцияси рўёбга чиқди, у материкнинг иқтисодий ва, айтиш мумкинки, геосиёсий ландшафтини ўзгартирди. Шунинг учун ҳам Евроосиё Иқтисодий иттифоқи барпо этилишидаги тарихий хизматларини ҳисобга олган ҳолда Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путин Нурсултон Назарбоевга Евроосиё Иқтисодий иттифоқи Фахрий раиси унвонини беришни таклиф қилди. Қозоғистон Республикаси номидан Россия Федерацияси Президентига мазкур ташаббус учун, ҳамкорларимизга бир овоздан қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман.

Фото: akorda.kz