Қозоғистон БМТда 1000 дан ортиқ тадбир ўтказди

Қозоғистон БМТда 1000 дан ортиқ тадбир ўтказди

Тинчлик, хавфсизлик мақсадида ўтказилган мингдан ортиқ халқаро тадбир. Бу – Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси сифатидаги фаолиятининг якуни. Халқаро экспертлар қисқа вақт ичида давлатимиз долзарб масалалар – оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, террорга қарши кураш, минтақавий ва глобал хавфсизлик масалаларини кўтаришга муваффақ бўлган ишларини юқори баҳолашди.

НОРИМАСА ШИМОМУРА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БМТДАГИ ДОИМИЙ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

 - Мен Қозоғистон ҳукуматини, парламентини, халқини БМТ Хавфсизлик кенгаши  муваққат аъзоси сифатидаги икки йиллик мандатини жуда муваффақиятли якунлагани билан табриклашни истайман. Шу даврда, икки йил эса жуда қисқа муддат, Қозоғистон аслида ҳам жуда кўп муҳим ташаббусларни рўёбга чиқарди, олиб бораётган ишларини кузатаётганларда ёрқин таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлашни истардим.

ҚУАНИШ СУЛТАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ МАЖЛИСИ ДЕПУТАТИ:

 - Менинг ҳамкасбларим – Европарламент депутатлари ушбу БМТ Хавфсизлик кенгашига икки йиллик аъзолик даврида дипломатларимизнинг самарали ва маҳсулдор фаолиятини кўп бора тилга олишди. Улар Қозоғистон қатор таклифларни кўтариб чиққанини таъкидлашди. Ташаббусларни кўпчилик қўллаб-қувватлади. Умуман айтганда, БМТ Хавфсизлик кенгаши ишидаги иштирокимиз халқаро саҳнада обрў, келажакка пойдевор, республикамиз учун муҳим ютуқ бўлди.

Қозоғистон – жаҳондаги ядровий қуролсизланиш пешқадамларидан бири, терроризмга қарши фаол курашаётган давлат. Республиканинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги фаолият даври жаҳонда кескинлик кучайган вақтга тўғри келди. Шунинг учун ҳам Қозоғистон учун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигига бевосита боғлиқ масалаларни кун тартибига олиб чиқиш муҳим эди. Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида давлат бир неча марта Афғонистонда барқарорлик ва санкциялар муаммосини кўтарди.

ЖАНИБЕК АРИНОВ, ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЁТ ВА СИЁСАТ ИНСТИТУТИ ЭКСПЕРТИ:

 - БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзолик – аввало улкан тажриба, иккинчидан, Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш муаммоларига жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортиш учун имконият эди. Учинчидан, Қозоғистон учун глобал хавфсизлик масалаларига оид музокара олиб бориладиган майдончага айланиш, бундай муаммолар устида биргаликда ишлаш ва уларни очиқ муҳокама қилишга имкон берди.

Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси сифатидаги ютуғи кўп жиҳатдан Давлат раҳбарининг ташқи сиёсатдаги фаоллиги туфайли рўёбга чиқди. Глобал хавфсизликка оид фикрларини Қозоғистон Президенти «Жаҳон. 21 аср» манифестида акс эттирган. Бу ҳужжат юртимизнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги фаолияти учун асос бўлди.

Фото: nur.kz