Қозоғистон ва Эрон янги шартнома тузди

Қозоғистон ва Эрон янги шартнома тузди

Қозоғистон ва Эрон ҳамкорлиги кенгаймоқда. Томонлар фуқаролик ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хусусида шартнома имзолаш ниятида. Лойиҳа 1 июлгача жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Эронлик ҳуқуқшунослар фикрича, мамлакатлараро шартнома халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилинган ҳолда тузилган. Астана ва Теҳрон тадбиркорлари ўртасида яқин алоқа шаклланганини ҳисобга олсак, ушбу ҳужжат мунозарали ҳолатларга йўл бермайди ва ўзаро келишувлар соҳасини кенгайтиради.

АББАС КОУЧ НЕЖАД, ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИЙ АДВОКАТ:

 - Мамлакатлар ўзаро сиёсатда, иқтисодиёт ва ишбилармонликда яқин алоқа боғлаган тақдирдагина бундай шартномалар имзолашади. Эрон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатан муваффақиятли ривожланмоқда. Шунинг учун биз мазкур шартномани имзолашни истадик. Ҳужжатга кўра, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳар иккала мамлакат суд идораларига мурожаат этиш мумкин. Бу эса давлатларнинг ҳуқуқий соҳада ҳамкорлик қилишига имкон яратади.

Шартномага мувофиқ, бир мамлакат фуқаролари иккинчи мамлакат ҳудудида экан, шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялаш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, мазкур шартнома ҳуқуқий тизимнинг барча тармоқларини қамраб олган. Зарурат туғилган тақдирда Эронда бўлган қозоғистонликлар фуқаролик, оила, никоҳ, тадбиркорлик, тижорат, меҳнат масалаларида ҳар қандай маслаҳат ва амалий ёрдам олишларига имкон туғилади. Икки давлат ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлари эса фуқаролик суд жараёнлари бўйича, шунингдек, бошқа зарур маълумотларни ҳам ўзаро баҳам кўра олади.

КАРАН РУҲОНИЙ, ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ БЎЙИЧА ФАЛСАФА ДОКТОРИ:

-Ушбу шартнома туфайли ватандошларимиз ўзларининг муҳофазаланганлигини ҳис этади. Ҳужжат муаммоли вазиятларда одамлар ўзини қандай тутиши лозимлигини, кимга мурожаат этиши, кимдан ёрдам олиши, қандай ҳужжатлар зарурлигини аниқ белгилаб беради. Албатта, ҳужжат оддий одамлар учун ҳам муҳим, ва айни вақтда тадбиркорларга жуда фойдали. Ўз юртидан минглаб километр узоқ  масофада ҳам мамлакати кўмагини олган ҳолда иш юритиш ҳам хавфсиз, ҳам қулай.

Шу тариқа, юртдошларимиз ҳам Эрон аҳолиси билан бир хил шартларда судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, тегишли сабаблар бўлмаган тақдирда Қозоғистон фуқаролари иштирок этаётган суд мажлислари кейинга қолдирилиши мумкин эмас.

Photo: liter.kz