Қозоғистоннинг иккинчи ротаси Ливанга йўл олади

Қозоғистоннинг иккинчи ротаси Ливанга йўл олади

Қозоғистонда Ливанда тинчлик ўрнатиш миссиясини амалга ошириш учун иккинчи рота ҳозирланяпти. Апрель ойи ниҳоясида 120 нафар ҳарбий хизматчи ҳамкасблари ўрнини эгаллайди. Улар ҳозир Алмати вилоятидаги полигонда тайёргарликдан ўтишмоқда. Машқларга тажрибали зобит ва сержантлар раҳбарлик қиляпти. Назарий тайёргарликка БМТ нинг умумий қоидалари ва тузилиши ҳам киритилган. Амалиётда эса ҳарбий хизматчилар блокпостлар ва назорат-ўтказиш пунктларида хизматни ташкил этиш малакаларини такомиллаштиряпти. Тинчлик ўрнатувчи кучлар Ливанда биринчи рота каби ярим йил хизмат қилади. Уларнинг асосий вазифаси – чегарани назорат қилиш ва мамлакатдаги тинчликни сақлаш. Мудофаа вазирлиги хорижий тинчлик ўрнатиш амалиётларида иштирок этиш ҳарбийлар учун фойдали тажриба бўлишини билдирди.

САИД АКБАРУДДИН – ҲИНДИСТОННИНГ БМТ ҚОШИДАГИ ДОИМИЙ ВАКИЛИ:

 - Қозоғистоннинг Ливандаги тинчлик ўрнатиш миссиясидаги ҳамкорлигидан миннатдормиз. Биринчи марта Ҳиндистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчилари БМТнинг муҳим, олижаноб лойиҳасида биргаликда ишламоқда. Жаҳонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш йўлида икки мамлакат кучларини бирлаштириб, ҳамкорлик қилаяпти. Биз бундай ҳамкорлик учун Қозоғистондан миннатдормиз ва келажакда ҳам кўплаб лойиҳаларда баҳамжиҳат иштирок этишимизга ишонамиз.

Фото: 24.kz