БМТ штаб квартирасида Қозоғистон фаолияти юқори баҳоланди

БМТ штаб квартирасида Қозоғистон фаолияти юқори баҳоланди

Нью-Йоркдаги нуфузли халқаро ташкилот штаб-квартирасида 2017-2018 йиллар давомида БМТ Хавфсизлик Кенгаши фаолияти якунлари муҳокама қилинди. Брифингда Қозоғистон, Боливия, Италия, Швейцария ва Швеция вакиллари иштирок этди. Ўтган икки йил мобайнида айни шу бешта мамлакат Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзолари сифатида фаолият юритган. Терроризмдан холи дунёга эришиш бўйича фаолият кодекси ҳамда ядро қуроли тарқалишини чеклаш бўйича тадбирларнинг жорий этилгани Қозоғистоннинг асосий маваффақиятлари қаторида тилга олинди. Учрашув иштирокчилари Қозоғистоннинг бошқа ютуқларини ҳам тилга олишди. Кўп йиллардан буён амалда бўлган Хавфсизлик кенгаши санкцияларининг Эритреядан олиб ташланиши ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига сайланган давлатлар миллий байроқларини кўтаришнинг янгича тартиби жорий этилиши шулар қаторида. Қозоғистонлик дипломат Қайрат Умаровнинг билдиришича, мамлакатимизнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги асосий мақсади дунё ҳамжамияти эътиборини Марказий Осиё ва Афғонистонга қаратиш бўлган.

ҚАЙРАТ УМАРОВ, БМТ ҚОШИДАГИ ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДОИМИЙ ВАКИЛИ:

-  Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда Марказий Осиё мамлакатларининг фаол иштирокида иқтисодий омиллардан фойдаланиш мамлакатимиз томонидан тақдим этилган инновациявий таклиф бўлди. Биз илк бора Хавфсизлик кенгашида бу мамлакатдаги вазиятга фақат хавфсизлик эмас, иқтисодий ривожланиш жиҳатидан ҳам назар солишларига эришдик.