Европа Иттифоқи ва Қозоғистон: Ҳамкорлик кенгаймоқда

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон: Ҳамкорлик кенгаймоқда

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаяпти. Қозоғистон делегацияси аъзолари ва европалик ҳамкасблар Брюсселда бўлиб ўтган ҳамкорлик қўмитасининг 17-йиғилишида ўзаро муносабатдан манфаатдорликларини билдиришди. Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг йирик савдо ва инвестиция ҳамкори. Мамлакатимизга келаётган бевосита сармояларнинг ярмидан зиёдини шу ташкилот аъзолари киритган. Бундан ташқари, Қозоғистон халқаро ташкилот билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган Марказий Осиёдаги илк мамлакат. Бугунги кунда бу ҳужжатни Қозоғистон, Европарламент ва Европа Иттифоқига аъзо 28 мамлакатдан 25 таси ратификация қилди. Томонлар кўзда тутилган 29 йўналишнинг барчаси юзасидан фикр алмашишди. Энергетика ва атроф-муҳит муҳофазаси, транспорт ва тиббиёт, терроризм ва наркотрафикка қарши кураш, шунингдек, виза тизимини соддалаштириш ва минтақалараро ҳамкорликка доир кейинги қадамлар шулар жумласидан.

РОМАН ВАСИЛЕНКО, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Биз Европа технологиялари ва Европа инвестицияларини жалб этишдан манфаатдормиз. Албатта, мунозараларда сиёсий муносабатларга ҳам катта ўрин ажратилди. Ўтган йил октябрида, шу ерда, Брюсселда янграган жаҳоннинг етакчи ўйинчилари: АҚШ, Россия, Хитой ва, албатта, Европа Иттифоқи ўртасида мулоқот ташкил этиш хусусидаги Давлат раҳбарининг ташаббуси ҳақида ҳам сўз борди.

ЛЮК ДЕВИНЬ, ЕВРОПА ТАШҚИ МУНОСАБАТЛАР ХИЗМАТИ ЕВРОПА ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ БЎЙИЧА БОШҚАРУВЧИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Қозоғистон – биз билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган минтақадаги илк мамлакат. Биз Марказий Осиё минтақасида юз бераётган қатор ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаймиз ва минтақавий ҳамкорликдаги Қозоғистон фаолиятини юқори баҳолаймиз. Қозоғистоннинг тинчлик ўрнатишдаги хизмати ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзоси сифатида қўшган ҳиссасини ҳам таъкидлаш жоиз. Экстремизм ва террорга қарши курашда биргамиз. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган афғон аёллари учун таълимий дастурларни рўёбга чиқаришда Қозоғистон қўшаётган ҳисса ҳақида ҳам айтмасликнинг иложи йўқ.