Тинчлик ташаббуслари – ривожланиш имкониятлари

Тинчлик ташаббуслари  – ривожланиш имкониятлари

2018 йил Қозоғистон учун жуда муваффақиятли келди. Мамлакат ўтказган қатор ташқи сиёсатга оид йирик тадбирлар - БМТ Хавфсизлик кенгашидаги раисликдан тортиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитини ташкил этишгача шундан далолат беради. Сиёсатчи ва экспертлар таъкидлашича, Ақтауда ўтган бешинчи Каспий саммити йилнинг катта ютуғи бўлди. Унинг натижасида Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Россия ва Туркманистон денгизнинг ҳуқуқий мақоми ҳақидаги конвенцияни имзолашди.

ЧИНГИЗ ИСМОИЛОВ, КАСПИЙ ТАДҚИҚОТЛАРИ МАРКАЗИ РАҲБАРИ:

- Қабул қилинган конвенция кейинги қадамларни юридик асосда мустаҳкамлади. Барча мамлакатлар Каспийда нефть, транспорт, экология лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор. Яқин йилларда Каспийбўйи бешлиги ҳамкорлигининг аниқ натижаларини кўришимизга ишонаман. Албатта, ушбу ҳужжатни тайёрлаш учун 20 йил вақт сарфланди. Аммо унинг имзоланиши Каспий денгизи ҳавзасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига дебоча бўлади, умумий ва миллий манфаатлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. 

БМТ Хавфсизлик Кенгашида муваққат аъзо сифатида фаолият юритган Қозоғистоннинг раислик даври юртимиз дипломатияси учун муҳим воқеа бўлди. Мамлакатимиз ушбу оламшумул майдончада Марказий Осиёни тақдим этган илк давлат бўлди. Январь ойи давомида дипломатларимиз турли даражадаги ўттизта йиғилиш ўтказишди.

БАХТИЁР ИБРАГИМОВ, ЎЗБЕКИСТОННИНГ БМТДАГИ ДОИМИЙ ВАКИЛИ:

-  Қозоғистон катта муваффақиятларга эришди. Улар қаторида мен БМТ Хавфсизлик кенгашидаги аъзолигини кўрсатиб ўтишни истардим. Марказий Осиёда у илк бор шундай ҳуқуққа эга бўлди. Хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида қатор муҳим ташаббусларни кўтарди. Шулардан бири Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларини тўплаш бўлди.

Қозоғистон йил давомида тинчлик ўрнатувчи сифатида шуҳрат қозонди. Мамлакат халқаро ҳамжамиятнинг барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мавқеида турган обрўли аъзоси сифатила намуна кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ҳарбий хизматчилари илк бора Ливанда халқаро тинчликни сақлаш миссиясида иштирок этишади.

Қозоғистон БМТ билан барча соҳаларда фаол ҳамкорлик қиляпти. 2018 йилда Алмати шаҳрида ушбу ташкилотнинг минтақавий хаби очилишига эришилди.

ЕРЖАН АШИҚБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Бу марказ бутун Марказий Осиёда барқарор ривожланиш мақсадларини тарғиб этиш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки бугунги кунда БМТнинг барча агентликлари бир бинода тўпланган. Тегишлича, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳамкорликда ишлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар енгиллашади. Буларнинг барчаси Қозоғистон учун ҳам, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, Қозоғистон ЮНЕСКО доирасида ҳам ташаббуслар билан чиқяпти. Республика Чорин ва Жўнғар биосфера резерватларини халқаро тармоққа кирита олди. Эндиликда Қозоғистондан жами ўнта резерват бу рўйхатдан ўрин олган, бу эса халқаро ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, табиий хилма-хилликни асраш учун аввалгидан кўра анча катта истиқболлар очади.