Қозоғистон ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши: 2 йилда нималарга эришилди

Қозоғистон ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши: 2 йилда нималарга эришилди

Қозоғистоннинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши таркибидаги фаолияти муҳокама қилинди. Икки йил аввал ҳам шундай тадбир ўтказилиб, «Қозоғистоннинг Хавфсизлик кенгашида муваққат аъзолиги  қандай ўтади?» масаласи муҳокама этилганди. Бу гал шу муҳокамадаги тахминлар қанчалик рўёбга чиққани ҳақида сўз борди. Сиёсий партиялар вакиллари, сиёсатшунослар бир овоздан Қозоғистон халқаро медиатор ва минтақа вакили сифатида кўзлаган мақсадига етганини таъкидлашди.

СТИВЕН ЭМБЛАНД, СИЁСАТШУНОС:

- Қозоғистон асосий эътиборини терроризм масаласига қаратди. Халқаро ҳамжамиятни Афғонистон муаммоларини қайта кўришга чақирди. Сўнгги саккиз йил ичида бу илк марта юз берган ҳолат. Шунингдек, Қозоғистон оламдаги йирик ядро арсеналини мерос олган мамлакат сифатида оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик масаласини кўтарди.

Ушбу тадбир UCL университети шарқшунослик факультети ва «Очиқ Ўрта Осиё» журнали ташкилотчилигида бўлиб ўтди. Қозоғистон минтақа пешқадами сифатида улар эътиборини тортган.

МАРАТ АХМЕДЖАНОВ, «ОЧИҚ ЎРТА ОСИЁ» ЖУРНАЛИ МУАССИСИ:

 - Келажакда Қозоғистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини хурсандчилик билан кузатамиз. Бу нафақат БМТ Хавфсизлик кенгаши, балки бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятига ҳам оид масала. Таҳлил қиламиз, таништирамиз, ёрдамлашамиз.

Бундай тадбирларни тез-тез ўтказиш режа қилинган. Жумладан, Буюк Британиядаги машҳур олий ўқув юрти ўқитувчи-талабалари орасида. Зеро, академик доиралар ва талабалар ҳамжамияти ичида Марказий Осиёга қизиқиш тобора ортиб боряпти.