Уран банки хавфсизликка хизмат қилади

Уран банки хавфсизликка хизмат қилади

Тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик. Қозоғистоннинг халқаро майдондаги барча ташаббуслари мазкур мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган. Уларнинг дастлабкиларидан бири махсус форум – Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашини барпо этишга оид бўлганини таъкидлаш лозим. Сўнгра ядро синовларини мутлақо тақиқлаш тўғрисида шартноманинг имзоланиши. Мамлакатларнинг ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишини енгиллаштирувчи ва радиоактив моддаларни бойитиш бўйича дастур яратишларининг олдини олувчи МАГАТЭ нинг васийлиги остида кам бойитилган уран Банки тузилиши билан Қозоғистоннинг ядро қуроли тарқатилмаслиги масаласида нуфузи ортди. Халқаро экспертлар таъкидлашича, кўп мамлакатлар Қозоғистоннинг ядро қуролидан воз кечиши бобидаги тажрибасини ўрганиш ниятида.

КОЛЛЕР ШЕХУ МУСА, ЭКСПЕРТ /НИГЕРИЯ/:

– Мен Қозоғистоннинг қандай қилиб оммавий қирғин қуролидан воз кечганини ўргандим. Шимолий Корея ҳам халқаро ҳамжамият, қуролсизланиш учун ҳаракат қилаётган ва шу йўналишда ишлаётган мамлакатлар қўллаши ва мураббийлигига муҳтож. Бу нарса ишонч чораларини мустаҳкамлаш учун жуда муҳим.

Айтиш жоизки, Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилган даврда Президентимизнинг террордан холи дунёга эришиш ҳақидаги яна бир ташаббуси рўёбга чиқди. Жорий йил сентябрида Нурсултон Назарбоев махсус кодекс ишлаб чиқишни таклиф қилди, уни тасдиқлаган мамлакатлар хавфсизликни таъминлаш мақсадида маълум масъулиятни ўз зиммасига олади. Ушбу ҳужжатни жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакати раҳбарлари имзолади. Хорижлик аналитиклар Қозоғистоннинг мазкур ва бошқа таклифларини юқори баҳолаяпти.

ГАБРИЭЛЬ ЛАНСКИ, ХАЛҚАРО АДВОКАТЛИК БЮРОСИ БОШҚАРУВЧИ ҲАМКОРИ, ҲУҚУҚШУНОСЛИК ФАНЛАРИ  ДОКТОРИ:

Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги фаолияти, Умумжаҳон савдо ташкилотига кириши ва “ЭКСПО–2017”нинг ўтказилиши ҳақида гапирарканмиз, унинг минтақадаги аҳамиятини англаш лозим. Ахир Европа келажаги Евроосиё келажаги билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам биз Европа ва Осиё ўртасида кўприк вазифасини бажараётган Қозоғистон каби ҳамкоримиз борлигидан хурсандмиз. Унинг асосий вазифаси – Хитой ва АҚШ каби мамлаатлар ўртасида улкан фарқ борлигини ҳисобга олган ҳолда мураккаб геосиёсий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш. Бу – мамлакат доно сиёсатининг муҳим қисми.

Экспертларнинг айтишича, Қозоғистоннинг БМТ тизимига чуқур кириши ташқи сиёсатдаги вазифаларни ҳал этишда муҳим қадамдир. Шу жумладан, давлатнинг ташкилотга аъзолиги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва ҳаётнинг бошқа соҳаларида келгуси ўзгаришларни ҳамда модернизация тадбирларини рўёбга чиқариш учун мақбул шарт-шароитлар яратди.