100 йилликка – ядро қуролисиз!

100 йилликка – ядро қуролисиз!

Мустақиллик йилларида Қозоғистон глобал ядро қуролига қарши ҳаракат лидери ва тинчлик ўрнатувчига айланди. Таниқли хорижий экспертларнинг таъкидлашича, бунда мамлакат президентининг алоҳида ўрни бор. БМТ ядро қуроллари синовларини қатъиян тақиқлаш бўйича шартнома ташкилоти ижрочи котиби Лассина Зербонинг айтишича,  Қозоғистон ядро қуролидан холи мамлакат мақомини олганидан кейин ҳам ядродан холи дунё учун кураш халқаро ҳаракатидан узоқлашмади. Аксинча, унинг фаол қатнашчиларидан бирига айланди. Мамлакатимиз раҳбарининг  БМТ 100 йиллиги нишонланадиган 2045 йилга бориб жаҳонни ядро қуролидан халос қилиш ташаббуси БМТ ядро қуроллари синовларини мутлақо тақиқлаш бўйича шартнома ташкилоти учун муҳим кўрсаткичдир.

ЛАССИНА ЗЕРБО, БМТ ЯДРО ҚУРОЛЛАРИ СИНОВЛАРИНИ МУТЛАҚО ТАҚИҚЛАШ БЎЙИЧА ШАРТНОМА ТАШКИЛОТИ ИЖРОЧИ КОТИБИ:

-  Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуслари – нафақат ядро синовларининг оғир оқибатлари ҳақида эслатма, балки оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш бўйича қатъий ҳаракатларга чақириқ ҳамдир. Бу жараёнда Қозоғистон пешқадамлик қилаяпти. Сизнинг жорий йилда “Ўтмишни хотирлаб, келажакка назар” халқаро конференциясини ташкил этганингиз учун миннатдормиз. Сизнинг ташаббусингиз билан эълон қилинган Халқаро Ядро синовларига қарши фаолият куни туфайли ҳам тинчлик яратилади.

Қозоғистон пойтахти Суриядаги зиддиятни ҳал этиш учун самарали майдончалардан бирига айланди. Астанада 11-марта мазкур мамлакат ҳукумати, қуролли мухолифат, кафил давлатлар – Туркия, Россия ва Эрон вакиллари, шунингдек, БМТ махсус элчиси йиғилди. Бугунги кунда хорижий экспертлар Астана жараёнида қабул қилинган қарорлар аҳамиятини юқори баҳолашмоқда.

АНДРЕЙ МАМИКИН, ЕВРОПАРЛАМЕНТ ДЕПУТАТИ, ЕП ТАШҚИ ИШЛАР ҚЎМИТАСИ АЪЗОСИ:

 - Ҳар қалай, ижобий ўзгаришлар бор. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги майдончани тақдим этишга жиддий тайёргарлик кўрган. Анча жиддий делегациялар келишди. Мўътадил мухолифат деб аталаётган кучлар, менинг фикримча, ҳеч бир йиғинда бу раунддагидек кенг намоён бўлмаганди.  Дастлабки кун гуруҳларнинг икки томонлама форматда мулоқот қила олишини кўрсатди. Уч кафил давлат – Россия, Эрон ва Туркия учрашди. Кун тартибига Суриянинг ҳудудий яхлитлиги масаласи қўйилди. Шунинг учун ҳам эртами-кечми, Сурияда тинчлик ўрнатилади, деган умиддаман. Ҳар қалай, бунга қисқа муддатда эришиш учун барча йирик дипломатик фаолиятлар йўналтирилган.

Тинчлик ўрнатиш ва дунё миқёсидаги ташаббуслар  Қозоғистон муваққат аъзо сифатида фаолият юритаётган БМТ Хавфсизлик кенгаши ишида ҳам ўз аксини топмоқда. Экспертлар фикрича, барча тинчлик ўрнатиш миссияларини рўёбга чиқариш имконияти аввало давлатнинг ташқи сиёсати тўғри юритилишига боғлиқ.