Замонавий қозоқ адабиёти антологияси Россияда тақдим этилди

Замонавий қозоқ адабиёти антологияси Россияда тақдим этилди

Замонавий қозоқ адабиёти антологияси Россияда тақдим этилди. Поэзия ва проза тўпламлари Ломоносов номли Москва давлат университети нашриётида таржима қилинди ва нашр этилди. Тадбирда Россия Ёзувчилар уюшмаси Москва ташкилоти аъзолари, таржимонлар, адабий муҳаррирлар, танқидчилар ва адабиётшунослар қатнашди. Эслатамиз, мазкур лойиҳа «Маънавий янгиланиш» дастурининг бир қисми ҳисобланади.

АИДА БАЛАЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЁРДАМЧИСИ:

- Биз дунёга ҳозирги Қозоғистон ютуқлари, адабиётимизни намойиш этишни истагандик. Ўйлайманки, бу мақсадимизга эриша олдик. Муаллифлар қаторида ёшлар ҳам, таниқли адиблар ҳам бор. Менимча, мазкур адабий дурдоналар воситасида биз маданиятимиз, халқимиз урф-одатлари ва анъаналари тўғрисида кўп нарсаларни ҳикоя қилишга муваффақ бўлдик. Буларнинг барчаси китобхонлар учун қизиқарли эканлигига ишончим комил.

АЛЕКСАНДР ВЕРАКСА, М. В. ЛОМОНОСОВ НОМЛИ МОСКВА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ НАШРИЁТИ ДИРЕКТОРИ:

- Бу ишга айнан Москва университети даъват қилинганидан жуда хурсандмиз. Ёш авлодга ўрнак олишга лойиқ бўлган юксак даражадаги маданий намуналар тақдим этиш  - муносиб тарбия беришни ўз вазифалари қаторига қўйган таълим масканимиз учун муҳим.

Антологиянинг рус тилидаги варианти 10 минг нусхада чоп этилди. Эндиликда бу китоб собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида бўлган 14 та мамлакатга тарқатилади. Кутубхоналар, университетлар ва илмий марказларга етказиб берилади.

ВЛАДИМИР БОЯРИНОВ, РОССИЯ ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ МОСКВА ТАШКИЛОТИ РАИСИ:

- Шоир ёки қобилиятли носир гапирса – уни тинглашади, чунки у одатдагидан ўзгача, тимсоллар ёрдамида фикрлайди. Ва бу нарса тинглаётган, мутолаа қилаётган одам қалбига кириб боради. Муҳими – китобхонлар эътиборини қозониш. Бу лойиҳа ҳақида залда ўтирган юзлаб одам билди, китобларни олишяпти. Демак, мазкур асарлар халқ қалбига етиб боради.

Таъкидлаш жоизки, замонавий Қозоғистон адабиёти намуналарини БМТнинг 6 та тилига таржима қилиш «Замонавий Қозоғистон маданияти глобал дунёда» лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Китоб тақдимоти Мадрид, Париж ва Лондонда ҳам ўтказилди. Нашр жаҳоннинг 90 мамлакатига тарқатилиши кутилмоқда. Бу эса икки ярим миллиард нафардан зиёд одам қозоқ адабиётининг энг ёрқин намуналари билан танишади, дегани.

Фото: Казинформ