Қозоғистонда 100 дан ортиқ «Оддий буюмлар иқтисодиёти» соҳаси лойиҳалари тасдиқланди

Қозоғистонда 100 дан ортиқ «Оддий буюмлар иқтисодиёти» соҳаси лойиҳалари тасдиқланди

Қозоғистонда қатор янги ишлаб чиқаришлар очилади. Республикада 100 дан ортиқ «оддий буюмлар иқтисодиёти» соҳаси лойиҳалари тасдиқланди. Тадбиркорларга жами 44 миллиард тенге маблағ ажратилади. Дастурни рўёбга чиқариш учун бюджетдан 600 миллиард тенге ажратилган. Имтиёзли кредитлар қайта ишлаш саноати, даромад келтирувчи хизматлар, агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат саноатини рағбатлантиришга йўналтирилади.

НАЗИРА ҚАДИРОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРЛИГИ МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАР БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

-  Маблағ миқдорига кўра қандайдир чекловлар кўзда тутилмаган. Ягона шарт: агарда объект қиймати қайта ишлаш саноатида 10 миллиард, агросаноат мажмуасида 500 миллион тенгедан зиёд қийматни ташкил қилса, тегишли вазирликнинг лойиҳа бўйича ижобий хулосасини тақдим этиш талаб қилинади.

Дастурда кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳам, йирик бизнес  вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга, бугуннинг ўзида қозоғистонликлар маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилардан харид қилишни мақбул кўряпти. Алматидаги фабрика фаолияти бунга мисол бўла олади. Авваллари бу ерда ойига юзлаб оёқ кийим тикилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 10 марта ошди.

ДАУРЕН РАМАНҚУЛ, ФАБРИКА ҲАММУАССИСИ:

 - Олдимизда улкан вазифа турибди. Биринчи навбатда биз ишлаб чиқариш ҳажмини ойига 5 минг жуфтгача етказиш ниятидамиз. Сотув ҳажми ошиши билан бир вақтда биз нафақат Қозоғистон, балки хорижий мамлакатлар, жумладан, Россия, Қирғизистон, Ўзбекистон бозорларига чиқа оламиз.

Ғарбий Қозоғистон вилоятида эса «оддий буюмлар иқтисодиёти» дастури доирасида яқин кунларда турли макаронлар, қимиз ва бир марта фойдаланиладиган идиш-товоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ерда жами 80 дан ортиқ бизнес-лойиҳа кўриб чиқилмоқда.

МАРАТ НУРҒУАТОВ, ТАДБИРКОРЛАР ПАЛАТАСИ МИНТАҚА ФИЛИАЛИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Тадбиркорларда танлаш имконияти пайдо бўлди.  Бугунда улар «Ишлаб чиқариш» дастури, 2025 йилгача узайтириладиган «Бизнес йўл харитаси-2020» дастури, «Оддий нарсалар иқтисодиёти» дастурларидан бирортасини танлаш имкониятига эга. Бошқача айтганда, агар бизнес лойиҳангиз қайсидир жиҳатлари билан бирор дастурга тўғри келмаса, бошқасини танлаш имконингиз бўлади. Биз тадбиркорлар палатаси сифатида буни тадбиркорлар учун қўшимча танлов сифатида кўриб чиқяпмиз.

Экспертлар тахминига кўра, Жамбил вилоятида 130 дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъектлари дастур иштирокчиси бўла олади.

ДАМИР ЕГИЗБАЕВ, ИНВЕСТОРЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ, ЛОЙИҲАВИЙ БОШҚАРУВ ВА РАҚАМЛАШТИРИШ МАРКАЗИ РАҲБАРИ:

-  Оддий буюмлар иқтисодиёти, ҳисобимизга кўра, вилоят ривожланишига катта ҳисса қўша олади, 75-78 миллиард тенге қўшимча маҳсулот беради ва вилоят ялпи ички маҳсулотини 5 фоизга оширади.

Умман олганда, бугунда деярли 300 миллиард тенге қийматга эга 200 лойиҳа кўриб чиқиляпти. Аналитиклар таъкидлашича, дастурни рўёбга чиқариш ҳисобига 2025 йилга бориб республикага киритилаётган импорт улуши 37 фоизгача қисқаради.

Фото: egemen.kz