«Нурли йўл» 2025 йилгача давом этади

«Нурли йўл» 2025 йилгача давом этади

Қозоғистоннинг инфратузилмавий ривожланишига бўлган ҳаракат давом этади. 2025 йилгача амалда бўладиган янгиланган «Нурли йўл» давлат дастури ушбу ойнинг ўзида тақдим этилиши кутиляпти. Ушбу дастурнинг биринчи босқичи рўёбга чиқарилиши туфайли иқтисодиётда сезиларли ижтимоий-иқтисодий самара кузатилди. Транспорт инфратузилмалари яхшиланди, республика автомобиль йўллари ва магистраль темир йўл ўтказиш имконияти, логистика инфратузилмалари яхшиланди. Бундан ташқари, транспорт соҳасидаги кўрсаткичлар ўсиш суръати нафақат сақлаб қолинди, балки анча юксалди. Фақат ўтган йилнинг ўзида транзит туфайли мамлакат жами 1,5 миллиард доллар даромад олди.

РОМАН СКЛЯР, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:

 - Қарағандидан Алматигача ва Ақтўбе ҳамда Россия Федерацияси чегарасигача йўлларда қурилиш ишлари бошланади. Йил охирида 654 километр узунликдаги янгидан қурилган автомобиль йўлини очиш режалаштирилган. Шунингдек, бу давр ичида 1,6 минг километр республика аҳамиятига эга йўллар таъмирланади.

«Нурли йўл» давлат дастурини рўёбга чиқариш мақсадида 2018 йилда республика бюджетидан 437 миллиард тенгедан зиёд маблағ ажратилган. Жорий йилда эса 520 миллиард тенгега яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

РОМАН СКЛЯР, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:

 - Давлат раҳбари тилга олган вазифаларни рўёбга чиқариш доирасида йилига маҳаллий тармоқлардаги йўллар сифатини яхшилаш учун маблағ 200 миллиард тенгегача йўналтирилади. Бу суръат келгуси йилларда ҳам сақланади. Натижада, 35 минг километрли маҳаллий ва туман аҳамиятига эга йўл қуриш, борининг сифатини яхшилаш имкони туғилади.

Экспертлар фикрича, ушбу дастурнинг якуний йили режалари ҳам жуда катта. 4,5 минг километрли республика аҳамиятига эга йўл реконструкция қилинади ва 5 минг километрдан зиёд маҳаллий йўл тузатилади.

Фото: inform.kz