“Қозоғистоннинг 100 янги номи”: Асан Жўлдасов

“Қозоғистоннинг 100 янги номи”: Асан Жўлдасов

Ёш математик ва қўшимча таълим мактаби ташкилотчиси Асан Жўлдасов – “Қозоғистоннинг 100 янги номи” лойиҳаси ғолибларидан бири. У шунчаки иқтидорли болаларга таълим бермайди, балки уларга асосий қадриятларни сингдиришга интилади. Лойиҳанинг финал босқичи иштирокчиси халқаро математика олимпиадаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ёш йигит-қизларни тайёрлашга жаҳд қилган. Асаннинг ўзи ҳам кўп марта интеллектуал беллашувларда иштирок этган. Жаутиков халқаро олимпиадасида олинган олтин медаль – унинг ҳаётидаги улкан муваффақиятлардан бири.

АСАН ЖЎЛДАСОВ, ҚЎШИМЧА ТАЪЛИМ МАКТАБИ АСОСЧИСИ:

-  19 ёшдалигимда, эндигина мактабни очганимда мен ҳамма нарсадан максимум самара олишга интилардим. Балки шу фазилат туфайлидир, турли қийинчиликлар ва мағлубиятларни енгиб ўтишга ўргандим. Шунинг учун ўз тажрибамни улғайиб келаётган авлодга бериш, уни ўз мақсади сари ҳаракат қилишга ўргатишга интиламан. Билимлар, таълим ёрдамида мен Қозоғистонга фойда келтиришни истайман.

Етти йил муқаддам Асан Жўлдасов ахборот технологиялари магистри даражасини олди. Аммо у педагогика соҳасида ишлашга қарор қилди. Бугунги кунда унинг мактабида таълим олган мингга яқин бола турли халқаро олимпиадалар ғолиб ва совриндорлари бўлди.

ГУЛЖАЙНА МАДИБЕКОВА, ҚЎШИМЧА ТАЪЛИМ МАКТАБИ ИЖРОЧИ ДИРЕКТОРИ, АЛМАТИ ШАҲРИ:

 - У жуда меҳнаткаш. Фазилатлари кўп. Бирор бола ёки ходимда ютуққа эришиш салоҳиятини кўрса – унга албатта ёрдам беришга интилади. Бу эса ўқувчиларда улкан иштиёқ уйғотади. У иқтидорли болаларнинг янада ўсиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беради.

Асан Жўлдасов мамлакатимиз математика фанини халқаро даражага олиб чиқишни орзу қилади. Ёш йигит “Қозоғистоннинг 100 янги номи”  лойиҳасининг 2019 йил ғолиблари билан шахсан танишишга муваффақ бўлди. Асаннинг айтишича, уларнинг ҳар бири қобилиятли, ўзига хос ва очиқ кўнгил инсонлар. “Айнан шундай одамлар суверен Қозоғистон келажагини барпо этади ва ёш авлодга намуна бўлади”, деб қўшимча қилди у.

Фото: arasha.kz