“Буюк даштнинг етти қирраси” – хорижликлар эътиборида

 “Буюк даштнинг етти қирраси” – хорижликлар эътиборида

Қозоғистонликлар кўчманчиларнинг бевосита авлодлари сифатида ўзларининг бой тарихи билан фахрланишга ҳақли. Британиялик саёҳатчи Жон Масси Стюарт шундай фикрда. У Нурсултон Назарбоевнинг “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласини ўқиб, чуқур таассурот олган. Энди у дашт аҳлининг тарихи хусусида китоб ёзишни ўйлаяпти. Аввал унинг “Томас, Люси ва Олатов: Аткинсонларнинг Сибирь ва Қозоқ даштидаги саргузаштлари” деб номланган китоби чоп этилган. У жасур инглиз саёҳатчиси Томас Аткинсон ҳақида ҳикоя қилади. XIX асрда у рафиқаси Люси билан бирга Буюк Дашт заминини ўрганиб, ўз кундаликларида маҳаллий халқ ҳаёти ва маданиятини қайд этган эди.

ЖОН МАССИ СТЮАРТ, ЁЗУВЧИ:

– Мен анча йиллар илгари, 1961 йилда Қозоғистонда бўлганман. Шунинг учун ҳам мамлакатингизни соғинаман. Яқинда Қозоқ дашти, Сибирь ва уч нафар британия фуқароси ҳақида китоб ёздим. Китоб саҳифалари чеклангани боис кўп нарсаларни унга киритолмадим. Масалан, мамлакатимда тамаддун шакллангунига қадар қурилган қадимий қўрғонлар мавзудан четда қолиб кетди. Шунинг учун ҳам яна Қозоғистонга келиб, янги китобимни ёзишни истардим.

Қозоқларнинг бетакрор меросини бутун дунё кўриши керак, номи оламга танилган “Олтин одам”ни жаҳоннинг барча ҳудудларида томоша қилишлари зарур. Польша парламенти Сенати депутати Казимеж Клейна шундай ҳисоблайди. Сиёсатчи “Қозоғистон Тутанхамон”ининг инсоният учун аҳамиятини кўрсатувчи “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласини синчиклаб ўқиган. Шунингдек,  “Олтин одам” Европада илк бор айнан унинг мамлакатида тақдим этилганидан фахрланишини билдирди. Эслатиб ўтамиз, ўтган кузда Астана биродарлашган шаҳар – Гданьскда “Олтин одамнинг жаҳон музейлари бўйлаб саёҳати” кўргазмаси намойиш этилганди.

КАЗИМЕЖ КЛЕЙНА, ПОЛЬША ПАРЛАМЕНТИ СЕНАТИ ДЕПУТАТИ:

Қозоғистон Президентининг мақоласини зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда тарихнинг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилинган. Нурсултон Назарбоевнинг “Олтин одам” ҳақида ёзганлари мен учун жуда қизиқарли бўлди. Мен ахир уни кўрганман. Бу жаҳон тарихи хазинаси Гданьскда тақдим этилган. Ажойиб ўтганди! Қозоғистон Миллий музейи кўргазмаси жуда гавжум бўлганди. Бир ой давомида поляклар уни томоша қилиш имконига эга бўлди. Бундай қимматбаҳо осори атиқалар Қозоғистон заминида топилгани кўпчиликни ҳайратга солган. Қадимий Греция, Миср тарихини билардик. Энди эса Президентингиз ташаббуси туфайли Дашт цивилизацияси тарихи ҳақида ҳам кўп нарса билиб олдик.