Тарихга назар – “мис йўли”ни биласизми?

Тарихга назар – “мис йўли”ни биласизми?

Қозоқ замини – қадимий металлургия ватани. Тарихчиларнинг айтишича, Буюк Ипак йўлидан илгари «Мис йўли» бўлган, Улитау орқали карвонлар ўтган. Талдисай манзили бунга далил бўла олади. Бу муқаддас заминда бронза даврида бизнинг аждодларимиз мис эритишган ва ундан турли буюмлар тайёрлашган. Бир йил аввал бу ерда ўтказилган қазиш ишлари чоғида топилган металл эритилган печлар Талдисай металлургия ёдгорлиги эканлигининг далилидир.

ҒАБДЎЛ АУЭЗОВ, ТАРИХЧИ, АРХЕОЛОГ:

– Аждодларимиз кўчманчигина бўлмаган. Улар деҳқончилик, металлсозлик билан шуғулланишган. Турли металллардан жуда кўп чиройли буюмлар ишлашган.

Олимлар Талдисай топилмалари узоқ ўтмишда заминимизда яшаган дашт цивилизациялари юксак технологияларни кашф этганини исботлайди, деб ҳисоблашади, Бугунги кунда қора ва рангли металлсозлик Қозоғистон саноатида етакчи ўрин тутади.

Шуни айтиш керакки, рангли металлургия тарихи Қаниш Сатпаев билан чамбарчас боғлиқ. Олим 90 йил муқаддам Қарсақпай қаърида бой мис конлари борлигини исботлаган ва шу билан минтақанинг ёрқин келажагини олдиндан айтганди.

90 йиллик тарихга эга Қарсақпай мис эритиш заводи Қозоғистон металлургиясининг тўнғич вакили ҳисобланишга ҳақли. Архив маълумотларига кўра, ўтган асрнинг 20-30-йилларида бу ерга Англиядан асбоб-ускуналар юкланган 270 та вагон олиб келинган. Масалан, мана бу фрезер ускунасининг «ёши» бир неча ўн йилга тенг. Аммо у ҳозир ҳам рисоладагидек ишлаяпти.

АБДИМАЛИК ПРАКЕНОВ, ТОКАРЬ:

– Бу станоклар Улуғ Ватан уруши йилларида ҳам тўхтамаган. Уларни ота-боболаримиз ишлатган. Бу ерда снарядлар ҳам тайёрланган, дейишади.

Сўнгра Жезқазған, Балшахда кон бойитиш фабрикалари, Темиртауда эса металлургия комбинати ишга тушди. Шу тариқа бутун бошли соҳа тарихи бошланди. Бугунги кунда ишлаб чиқаришни замонавийлаштиришга катта эътибор берилмоқда. Жезқазған мис эритиш заводида иккинчи печни ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватини 400 минг тоннага ошириш мўлжалланаяпти. Темиртау комбинати эса ўтган йили илк бора 4 миллион тонна пўлат эритишга муваффақ бўлди.

КАЙРАТ ШЎРМАНБАЕВ, САНОАТ ВА САНОАТ-ИННОВАЦИЯ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Корхона ривожланиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқди. Унга кўра, келгуси 3 йил ичида 300 миллиард тенгедан зиёд сармоя киритиш мўлжалланаяпти. Натижада, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми ортади, сифати яхшиланади.

Экспертлар фикрича, Қозоғистон замини йирик руда захирасига эга, у яна кўп йилларга етади. Ватанимиз корхоналари ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш орқали ушбу фойдали қазилмаларни самарали ўзлаштиришнинг янги механизмларини жорий этишаяпти.