Қозоғистонда 2025 йилга бориб барча соҳада лотин ёзувидан фойдаланилади

Қозоғистонда 2025 йилга бориб барча соҳада лотин ёзувидан фойдаланилади

Қозоғистонда лотин алифбосига ўтиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Тадбир режаси 2025 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган. Мамлакатда янги алифбо тасдиқдан ўтган, ишчи гуруҳ тузилиб, таълим берувчи курслар очилган. Лингвист ва олимлар махсус луғат, маълумотномалар чоп этиш билан машғул. Экспертлар айтишича, олти йилдан сўнг лотин ёзуви барча болалар боғчалари ва таълим даргоҳларида жорий этилади.

ЕРДЕН ҚАЖИБЕК, А. БАЙТУРСИНОВ НОМЛИ ТИЛШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ ДИРЕКТОРИ:

 - 2021-2022 йилларда бошланғич синф, болалар боғчалари лотин ёзувига ўта бошлайди. 2025 йилга бориб бу жараён ниҳоясига етиши зарур. Шу вақтга бориб, деярли барча соҳада тил учун битта ёзув – лотин ёзувидан фойдаланилади.

ГАУХАР ЕЛЕМБАЕВА, НУР-СУЛТОН ШАҲРИ ТИЛЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОШҚАРМАСИ БОШ МУТАХАССИСИ:

 - Ҳужжатлар юритиш жараёни, хат, буйруқлар учун фирма бланки, муҳр, муассаса, бўлим номлари аста-секин тўлиғи билан лотин ёзувига ўтяпти.

Бугунги кунда юртимизнинг барча жойларида лотин ёзувини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Масалан, Қизил Ўрда вилоятида имло қоидаларини ўргатувчи махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Аҳолини янги алифбо ва ёзувни ўрганишга жалб этиш мақсадида махсус диктант олинди, унда Орол яқинида яшовчи 12 минг киши иштирок этди.

АСЕЛ БАҚИТОВА, ТИЛЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВИЛОЯТ МАРКАЗИ РАҲБАРИ:

 - Асосий мақсад – қозоқ тилига асосланган лотин графикасини ўрганиб чиқиш. “Ўрлеу” таълимий-услубий маркази билан биргаликда 30 нафар мураббий учун 60 соатлик махсус таълим курслари ташкил қилинди. Шу кунларда лотин алифбосини ўргатиш, ўқиш ва ёзиш малакаларини шакллантириш бўйича 40 соатли дастур ишланяпти.

Ақтўбеда эса лотин ёзувидаги қозоқ алифбосини оммавий ўрганиш жараёни жорий йил кузидан бошланиши кутилмоқда. Мажбурий дастурга беш юз нафар одамни жалб этиш кўзда тутилган. Улар таълим жараёнига ёрдам бериб, курсларда тингловчиларга лотин ёзувига ўтиш сабабларини, ундаги ҳарфлар қандай ёзилишини тушунтиради.

АҚМАРАЛ СУҒУРБАЕВА, ТИЛЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВИЛОЯТ МАРКАЗИ МЕТОДИСТИ:

 - Курсларда тингловчилар имло ва ўқиш қоидаларини ўрганади. Шунингдек, ўқиш тезлигини ошириш бўйича иш олиб борилади. Барча тингловчилар оғзаки имтиҳон топширади ва диктант ёзади. Курсларни тугатган тингловчиларга махсус сертификат топширилади. Ҳозирча журналлар саҳифаларида ёзма дарслар чоп этяпмиз.

Экспертлар фикрича, лотин ёзувига ўтишнинг қатор устунликлари бор. Масалан, янги графика нафақат туркий халқларни ўзаро яқинлаштиради, балки Қозоғистонни дунёга танитишда ҳам ижобий роль ўйнайди.