Қишлоқ жойларда интернетга киришни субсидиялаш

Масофадан ўқитиш, масофадан ишлаш, замонавий онлайн-хизматлардан фойдаланиш. Олис аҳоли манзиллари ҳам булар барчасидан фойдаланиши мумкин. Йил охиригача 5 минг 331 та қишлоқ кенг полосали интернет билан таъминланиши режалаштирилган. Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновация ва авиакосмик саноат вазири Бағдад Мусин маълум қилишича, шу кунларда бу йўналишда иккита йирик лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Биринчиси – давлат-хусусий шерикчилик механизми асосида олис қишлоқларга оптик интернет олиб бориш. Натижада, деярли икки ярим миллион одам истиқомат қилувчи бир минг икки юз олтмишта қишлоқ интернет билан таъминланади. Иккинчи лойиҳа эса 250 нафардан зиёд одам яшовчи 928 та қишлоқни 3G ва 4G ҳамда бошқа турлардаги мобиль интернет билан таъминлашдан иборат. Вазир қишлоқларда интернет ўрнатиш учун субсидиялар кўзда тутилганини кўрсатиб ўтди.

БАҒДАД МУСИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚАМЛИ РИВОЖЛАНИШ, ИННОВАЦИЯ ВА АВИАКОСМИК САНОАТ ВАЗИРИ:

- Шу кунларда қишлоқ ҳудудидаги симли телефон ва почта хизматлари ҳар йили 8 миллиард тенге миқдорида субсидия олади. Эндиликда оптик алоқа ва бошқа технологиялар орқали уйларни интернетга  улашни ҳам субсидиялаш ниятидамиз. Бу эса алоқа операторларини қишлоқларга интернет олиб боришга ундайди. Шунда қишлоқ аҳли ҳам замонавий хизматлардан фойдалана олади.

Вазир, бундан ташқари, қишлоқ ҳудудларида кенг полосали тармоқ яратиш учун қайта маблағ сарфлаганларга солиқ имтиёзлари бериш таклифини тилга олди. Айни вақтда, тез кунларда интернет-хизматлар кўрсатиш сифатини назорат қилиш учун махсус сервис ишга тушади. Бунинг учун 17 та мобиль ўлчов мажмуалари харид қилинган.

 

Фото: egemen.kz


×