Қозоғистонда «яшил» иқтисодиёт ривожланади

Қозоғистонда «яшил» иқтисодиёт ривожланади

«Яшил» иқтисодиётга ўтиш – сўнгги йилларда трендга кирмоқда. Қозоғистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантириляпти. Алмати ва Ақмўла вилоятларида шамол электр станциялари бунёд этиляпти. Улардан бири Енбекшиқазақ туманида қурилмоқда. Станция  24 ускунадан иборат, жами қуввати 60 МВт. Объектда қурилиш-монтаж ишлари бошланиб кетган. Шамол электр станцияси йилига  225 миллион 750 минг кВт-соат электр қуввати беради.

Яна битта шамол электр станцияси Ерейментау шаҳри яқинида қурилади. Унда 11 та шамол ускунаси ўрнатилади. Умумий қуввати - 50 МВт.

Ақсўла вилоятининг Аршали тумани, Костомар қишлоғида «Астана EXPO-2017» шамол электр станцияси иккинчи мажмуаси ишга туширилмоқда. 100 МВт қувватга эга объект жорий йилнинг IV чорагида ишга тушади. Натижада, 10 минг оила электр қуввати билан таъминланади, иссиқхона газлари чиқиши  йилига 230 минг тоннага камаяди, йилига 79 минг тонна ёнилғи тежалади.

Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатда 108 та қайта тикланувчи энергетика объектлари мавжуд. Жорий йилнинг биринчи ярмида улар 1,4 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55,3 фоизга зиёд.

Таъкидлаш жоизки, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки Қозоғистонда яшил энергетикани ривожлантириш лойиҳаларига 30 миллион доллар ажратди. Маблағ 2020-2023 йиллар мобайнида ўзлаштирилади. Уни оилалар ва кичик бизнесни  «яшил» технологик қарорларга йўналтириш учун ишлатиш режалаштирилган. ЕТТБ Қозоғистондаги директори Aгрис Прейманиснинг айтишича, Қозоғистонда «яшил» иқтисодиётни молиялаштириш ишлари мазкур молиявий ташкилотнинг 27 мамлакат,  улардаги 145 молиявий ташкилот ва 4,6 миллиард евро капитални ўз ичига олган янада каттароқ лойиҳасининг бир қисми. GEFF лойиҳалари ҳозирнинг ўзида йилига 8,6 миллион тонна карбонат ангидрид камроқ чиқарилишига олиб келмоқда.

 

Фото: kapital.kz


×