«Рақамли таълим» дастури ишга туширилади

«Рақамли таълим» дастури ишга туширилади

Қозоғистон ўқувчилари биринчи синфдан бошлаб дастурлаш тилларини ўргана бошлайди. «Рақамли таълим» дастури келгуси йилдан ишга туширилади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов маълум қилди.

«2013 йилгача информатика дарслари еттинчи синфдан бериларди, уларда эскирган маълумотлар ўқитилган. Биз аста-секин таълим дастурларини янгилаб бордик ва 2019 йилдан бошлаб 3-синф ўқувчилари ҳам STEM-элементлари, 3D-принтинг, робототехника ҳамда ахборий хавфсизлик дарсларини олади. 2021 йилдан эса биринчи синфдан кодлаш тиллари ўргатилади»,  деди Асхат Аймағамбетов.

Ҳозир болалар IOS, Android тизимлари, Python, с++ дастурлаш тилларини ўрганяпти. Бунинг учун вилоят марказларида 25 та махсус IT – лицей очилган, 447 та STEM лабораторияси ҳамда 2 мингтача робототехника кабинетлари ташкил қилинган. «Рақамли таълим» дастури асосида янада илгарилаш мўлжалланмоқда.

«Лойиҳага кўра асосий рақамли кўникмаларни ўрганиш, ихтисослашган IT-кадрлар тайёрлаш ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини ўқитишда айни вақтда IT билимлари бериш кўзда тутилган», деди вазир.

Тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ҳуқуқшунослик, боша соҳаларда ўқиётган талабалар бир вақтнинг ўзида IT ихтисосларини эгаллаши соҳалараро боғланишни таъминловчи мутахассислар етишиб чиқишига олиб келади. Лойиҳа доирасида йилига 400 минг нафар талаба билим олади. 2030 йилга бориб, барча таълим даргоҳлари саъй-ҳаракати билан 3 миллиондан зиёд мутахассислар етиштирилади.

 

Фото: aqtobegazeti.kz