Қозоғистонда «Жетi қазына» мобиль иловаси ишга туширилди

Қозоғистонда «Жетi қазына» мобиль иловаси ишга туширилди

Миллий анъана ва урф-одатларни, қозоқ халқининг илмий-адабий, маданий-маънавий ютуқларини асраш. Бу - «Жетi қазына» мобиль иловасининг асосий мақсади. Янги IT-маҳсулот Қозоғистон ҳақидаги энциклопедик маълумотларни ҳар бир интернет-фойдаланувчисига тақдим эта олади. Дарвоқе, ушбу иловани телефон ёки планшетга ўрнатиш мумкин, уни Android ёки iОS платформасида юклаб олса бўлади, дейди ишланма муаллифлари.

«Қозоқ халқи дунёқарашида «жеті қазына» тушунчаси алоҳида ўрин эгаллайди. Бу - етти хазина. Бу рақам кўчманчилар учун муқаддас саналган. Умуман, қозоқ халқида бу рақам билан боғланган кўплаб номлар,  ҳикматли сўзлар бор. Мисол учун, етти қонун, етти рамз, етти сайёра, етти авлод. Қадимдан ҳақиқий қозоқ эркаги етти хазинага эга бўлиши керак бўлган: ақлли рафиқа, тезучар арғумоқ, овчи бургут, содиқ ит, қурол, қопқон ва қозон. Булар ҳаммаси бойлик ҳисобланиб, «Жетi қазына» деб номланган. Бу фалсафий тушунчалар «Жетi қазына» мобиль иловаси асосини ташкил этади», дейди Давлат тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азат Шауеев.

«Жетi қазына» мобиль иловаси 7 бўлимдан иборат: «Сонларнинг муқаддас маъноси», «Қозоқ халқининг етти қадамжоси», «Одатлар. Анъаналар. Турмуш тарзи», «Халқ донишмандлиги», «Миллий ижод», «Буюк Дашт ажойиботлари», «Тарих мероси». Барчаси қозоқ ва рус тилида берилган. Ўзига хос илова хариталар, жадвал-диаграммалар, схемалар, портретлар ва фотосуратлардан иборат. Мутахассислар таъкидлашича, энциклопедия қизиқарли, ўзига жалб этувчи услубда ёзилган. Унда берилган маълумотлар дунёқарашни кенгайтирибгина қолмай, ўсиб келаётган авлодни фуқаролик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Фото: fnn.kz