Қозоғистонда тобора кўпроқ ота-оналар биринчи синф ўқувчилари ҳужжатларини онлайн шаклда топширмоқда

Қозоғистонда тобора кўпроқ ота-оналар биринчи синф ўқувчилари ҳужжатларини онлайн шаклда топширмоқда

1 июндан бошлаб электрон ҳукуматнинг eGov.kz портали орқали болаларни мактабларга ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатлар қабул қилина бошлаганди. Ўтган кунлар давомида Таълим ва фан вазирлигига мингтадан зиёд электрон буюртма келди. Айниқса, Нур-Султон ва Алмати каби мегаполисларда фарзандлари келажаги учун олдиндан ҳаракат қилаётган ота-оналар кўплиги маълум бўлди. Facebook тармоғи орқали бевосита эфирга чиққан Мактабгача ва ўрта таълим қўмитаси раисаси Майра Мелдебекова буни алоҳида таъкидлаб ўтди. Айни вақтда, изоҳларга ишонсак, портал ишида ҳам  камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Бироқ, вазирликда таъкидлашларича, хатоликлар жуда кам ҳолларда юз беради. Шу билан бирга ота-оналар ҳужжатларини эски тартибда ҳам топширишлари учун имконият яратилган.

«Муаммо фақатгина eGov.kz порталида эмас, одамларнинг техник жиҳозлари, интернет тезлигида ҳам камчиликлар етарли. Баъзида ҳужжатла тўлиқ тўпланмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларни қоғоз шаклида топшириш имкониятини ҳам бекор қилмаганмиз. Истаган одам мактабга бориб, фарзандини ўқишга қабул қилишлари учун ариза ёзиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир ота-она ўзига қулай йўл тутади», деди Майра Мелдебекова.

«Биз имкон қадар такомиллаштиряпмиз. Майда камчиликлар, турли идоралар ўртасидаги маълумот алмашишда муаммоларни дарҳол ҳал қилишга интилаяпмиз», деди юқоридаги масала юзасидан Таълим соҳасини рақамли трансформациялаш департаменти директори Қанат Кенбай.

Биринчи синфларга ҳужжат қабул қилиш 1 августгача давом этади. Бунинг учун ариза, боланинг туғилганлик ҳақидаги шаҳодатномаси, саломатлик паспорти, 063/у формасидаги справка ва иккита 3×4 фотография топширилиши зарур.

Шу билан бирга, вазирлик вакиллари 3га 1 қоидасини тушунти риб беришди. Эндиликда мактабларга қабул қилинган ўқувчиларнинг чорак қисми бошқа микроучасткадан бўлиши мумкин.