Қирғизистонда рақамли ноу-хаулар кўргазмаси бўлиб ўтди

Қирғизистонда рақамли ноу-хаулар кўргазмаси бўлиб ўтди

Қирғизистонда рақамли ноу-хаулар жорий этиш жараёни бошланиб кетди. Республика талабалари кўплаб ишланмаларга муаллифлик қиляпти. Норин шаҳрида ўтган кўргазмада ёш авлоднинг қизиқарли таклифлари омма қаршисида намойиш қилинди. Ўз ишланмаларини тақдим этганлар қаторида Элдияр Жунусов ҳам бор. У курсдоши билан биргаликда иш берувчилар ва иш изловчиларга ёрдам берувчи сайт яратди.

ЭЛДИЯР ЖУНУСОВ, ТАЛАБА:

- Биз иш излаётганларни иш берувчи тадбиркорлар билан бирлаштира оладиган майдонча яратишга ҳаракат қилдик. Шу ернинг ўзида мутахассислар ҳам ўз хизматларини таклиф қила олади.

Йўлларга видеокузатув тизими ўрнатиш лойиҳаси эса вилоят губернаторини қизиқтириб қўйди. Зеро, жамоат жойларида кузатиш камералари аллақачон қўйила бошланган.

ЭМИЛБЕК АЛИМҚУЛОВ, НОРИН ВИЛОЯТИ ГУБЕРНАТОРИ:

- Жорий йил президент томонидан минтақаларни ривожлантириш ва рақамлаштириш йили, деб эълон қилинган. Норин вилояти тараққиётдан ортда қолмасликка интиляпти. Университет билан биргаликда бир қанча лойиҳаларни рўёбга чиқармоқчимиз.

Талабалар ғоялари мўл. Кўпчилиги келажакда дастурлаш ёки пиар мутахассиси бўлишни истайди. Мазкур икки йўналиш Марказий Осиё университетида илк бор очилди. 3 йилдан буён иш юритиб келаётган таълим даргоҳи шуҳрат қозониб улгурган. Бу ерда таълим-тарбия олиш учун қирғизистонликларгина эмас, бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам ташриф буюради. Профессор Масуд Мир ўз тарбияланувчиларининг креатив ишларини фахр билан намойиш этади.

МАСУД МИР, ПРОФЕССОР, ДАСТУРЛАШ МУРАББИЙСИ:

- Сиз кўргазмада кўриб турган лойиҳаларнинг барчаси одамлар ҳаётини енгиллаштириш, яхшилашга йўналтирилган. Талабаларимнинг Қирғизистонга келажакда раҳбарлик қилишига, бу мамлакатда ҳаётни яхшилаш учун хизмат этишига ишонаман.

Кўргазмада тақдим этилган ҳар бир рақамли лойиҳа замонавий одамлар ҳаётини яхшилашга йўналтирилган. Шунинг учун унда ижтимоий соҳа ва соғлиқни сақлашга йўналтирилган ишланмалар сони жуда кўп. Айни вақтда, кўргазма қатнашчилари таъкидлашича, бу ишланмаларни ҳар қандай соҳага мослаштириш мумкин. 

Фото: mediasat.info