Пойтахтимизда «Astana IT university» иш бошлади

Пойтахтимизда «Astana IT university» иш бошлади

Сунъий интеллект, кибер-хавфсизлик ва катта маълумотлар. Пойтахтимизда «Astana IT university» иш бошлади. Илм маскани “Рақамли Қозоғистон” давлат дастури учун кадрлар етиштириб берувчи етакчи даргоҳга айланиши кутиляпти. Жорий йилда олти юз нафар талаба олий ўқув юртида билим ола бошлади. Шулардан бири – қозоғистонлик ёш дастурчи Иван КрепАк. У Россия, АҚШ ва Канада етакчи университетларидан таклиф олган бўлса-да, Қозоғистонда иш бошлаган олий ўқув юртида таълим олишни маъқул кўрди. Зарур билимларни олгач, талаба кибер-хавфсизлик соҳасида ўз стартапини ишга тушириш ниятида.

ИВАН КРЕПАК, УНИВЕРСИТЕТ ТАЛАБАСИ:

- Болалигимда, 5 ёки 6 ёшлигимдаёқ касб танлаганман. Ўша вақтлардан буён мен кибер-хавфсизлик соҳасида мутахассис бўлишни орзу қилганман. Ўзимни тизимларни ҳимоя қилувчи, ундаги заиф нуқталарни топа олувчи лойиҳалар яратувчи талаба сифатида тасаввур қилганман. Ва бу даргоҳда зарур билим олиш имконияти мавжудлигидан хурсандман. Мақсадим - юқори малакали мутахассис бўлиш. Таълим дастури амалиётга йўналтирилган. Назария кам, ишлаш имкони эса кўп.

Бакалаврлар тайёрлаш учун инглиз тилида уч йил ўқитиш талаб қилинади. Мураббийлар – хориждан келган ва Қозоғистонда иш юритаётган етакчи мутахассислар. Олий таълим даргоҳида халқаро ҳамкорликка катта эътибор бериляпти.

ҚАНАТ ҚОЖАХМЕТ, «ASTANA IT UNIVERSITY» РЕКТОРИ:

- Масалан, биз Германиядаги Дортмунд университети билан шартнома тузганмиз. У Европада рақамлаштириш соҳаси пешқадами. Келгуси йилдан рақамли тараққиёт – дижитал-трансформэйшн, яъни рақамли ўзгаришлар соҳасида магистрлик дастурларини очиш ниятидамиз. Биз фақатгина бакалавриат билан чекланиб қолишни истамаймиз. Айни вақтда топ-менежментга ҳам, ай-ти компанияларга ҳам таълимий хизматлар кўрсатиш ниятидамиз. Аслини олганда, рақамлаштириш мамлакатимизнинг барча соҳаси учун жуда зарур.

Талабалар саноатнинг энг долзарб фанлари - криптография, робот техникаси, дастурлаштириш, катта маълумотлар, рақамли криминалистика ва бошқа кўп соҳаларга оид билим олади.

ЕДИЛХАН ДИДАР, УНИВЕРСИТЕТ ИКТ-ДАСТУРЛАР МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

- «data science» - бу янги йўналиш, унинг асосида маълумотларни қайта ишлаш ётади. Бугунги кунда барча захираларда жуда кўп маълумот йиғилаётгани ҳаммага маълум. Талабаларимиз катта маълумотлар билан ҳам, машиналар таълими алгоритмлари билан ҳам шуғулланади. Келгуси 3-5 йилда битирувчиларимизга эҳтиёж катта бўлиши аниқ.

Университет «ЭКСПО» ҳудудида жойлашгани ҳам бежиз эмас. Айнан шу ерда халқаро IT-технопарк жойлашган. Бу эса талабалар ўз стартапини «Astana Hub» экотизимида ривожлантириши мумкинлигини кўрсатади.

Фото: Хабар 24