Қозоғистон сайғоқларини юқоридан ҳимоя қилишади

Қозоғистон сайғоқларини юқоридан ҳимоя қилишади. Табиатни муҳофазалаш хизматининг ўз учувчи аппарати пайдо бўлди. Унинг ёрдамида мамлакатимиз ҳудудида яшаётган жониворларнинг аниқ сонини аниқлаш режалаштирилган. Қанотлари ёзилганида 3 метрдан кенг ва 12 килограмм оғирликдаги темир қушни Каспий трубопроводлар консорциуми совға қилди.

ҚАЙРГЕЛЬДИ ҚАБИЛДИН, «КТК-К» БОШ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Фикримча, мазкур учувчисиз парвоз қилувчи аппарат сайғоқларнинг кўчишини кузатиб бориш, уларнинг асл қийматини аниқлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда, браконьерлардан сақланишда, бошқа зарарли факторлар олдини олишда хизмат қилади.

Бугунги кунда Қозоғистонда 300 мингдан зиёд сайғоқлар бор. Аммо уларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Авиатехника ижараси ҳаддан зиёд қиммат бўлгани учун ҳаводан кузатиш имконияти чекланган эди. Муаммони ҳал қилиш йўли эса – учувчисиз парвоз қилувчи аппаратлардан фойдаланиш. Яқин келажакда бундай ускуналар сони кўпайиши кутилаяпти.

ЕРЛАН НИСАНБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭКОЛОГИЯ, ГЕОЛОГИЯ ВА ТАБИИЙ ЗАХИРАЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Жорий йилда биз мазкур техникадан фойдалана олиш имконини яратиши учун меъёрий ҳужжатларга ўзгаришлар кирита бошладик, янгилари тайёрланаяпти.  Йил охиригача уларнинг барчаси тахт бўлади.

Яқин келажакда учувчисиз парвоз қилувчи аппаратлар сайғоқлар уюрларини кузатиб боришдан ташқари браконьерларни, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ёнғинлар ва бошқа таҳликаларни ҳам аниқлашга хизмат қилиши кутилаяпти.

Фото: inosmi.ru