«Назарбоев Университети» қошидаги тажриба-синов цехи

«Назарбоев Университети» қошидаги тажриба-синов цехи

Технологик ёриб ўтишларга ёрдам кўрсатиш. «Назарбоев Университети» қошидаги тажриба-синов цехи ўз олдига шундай мақсад қўйган. Бу ерда олим ва талабаларнинг инновациявий ғоялари ҳамда стартап-лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилади. Цехда ҳар қандай материал - пўлат, алюминий, мис, бронза, ёғоч билан ишлаш мумкин.

ЕРКЕН БЕКТАСОВ, «НАЗАРБАЕВ УНИВЕРСИТЕТ» ТАЖРИБА-СИНОВ ЦЕХИ ДИРЕКТОРИ:

 - Бу ерда Назарбоев университети «Machine Shop» тажриба-синов цехи инновациявий кластерининг ўзига хос ускуналаридан бири ўрнатилган. Робот-манипулятор учун асос яратамиз, ушбу ускуна юкларни бир жойдан бошқа жойга олиш ёки ўрнини ўзгартириш билан шуғулланади.

Цехда ҳамма нарсани йиғиш мумкин: энг оддий моделлардан тортиб, ноанъанавий ускуналаргача. Синов учун яратилган прототип текширувдан ўтказилади ва зарурат бўлганида такомиллаштирилади. Айтиш жоиз, мутахассислар бу ерда ишни лойиҳалаштиришдан бошлаб, тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган барча босқичларни амалга ошира олади. Ишлатилаётган ускуналар ҳам юксак технологик маҳсулот.

БЕКЗАТ ТИЛЕГЕН, «НАЗАРБАЕВ УНИВЕРСИТЕТ» ТАЖРИБА-СИНОВ ЦЕХИ МУҲАНДИС-ТЕХНОЛОГИ:

 - Беш координатали дастгоҳ ёрдамида беш ўқли қайта ишлашни тўхтовсиз амалга ошириш мумкин. Мураккаб деталлар, масалан, импеллер, турбина парраклари ва бошқаларни ясаш мумкин. Дейлик, токар дастгоҳида импеллер ясаш, амалда имконсиз. Бу ерда эса бемалол ишлайвериш мумкин. Мана бу стол 110, 30 даражага айланиши мумкин. 

Цехда рақамли-дастурий бошқарувга эга 3D-принтер, фрезер, токар, бурғулаш дастгоҳлари ҳамда электрон қурилмалар учун ускуналар мавжуд.  Бундан ташқари, юқори даражада тоблаш учун печь ўрнатилган. Яқин келажакда паркнинг техник имкониятлари янада кенгайиши, унинг инновациявий потенциали янада ошиши кутиляпти.

ЕРКЕН БЕКТАСОВ, «НАЗАРБОЕВ УНИВЕРСИТЕТИ» ТАЖРИБА-СИНОВ ЦЕХИ ДИРЕКТОРИ:

 - Янги технологияларни жорий этяпмиз. Ҳозир металда 3Д-принтинг технологиясини ўзлаштиряпмиз. Бу эса шу кунгача мисли кўрилмаган янги деталь, буюмлар, тажриба нусхалари яратишга имкон беради. Улар металл, алюминий, титан порошокларидан ишланади. Лазер нурлари воситасида ёпиштириш ҳисобига маҳсулотни исталган кўринишда олишимиз мумкин бўлади.

Шунингдек, бу ерда электрон ускуналар ҳам ишлаб чиқарилади. Айни вақтда, цехда мавжуд бўлган барча ускуналардан талабалар ҳам фойдаланиши мумкин.

ЕРСУЛТАН БАЙМУХАН, «НАЗАРБАЕВ УНИВЕРСИТЕТ» ТАЛАБАСИ:

-  Ушбу  цехда Назарбоев университети талабалари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Биз бу ерга келиб, ғояларимизни осонгина рўёбга чиқара оламиз.

Ўтган йили цех мутахассислари 188 та одатий бўлмаган буюртмаларни бажарди, жорий йилда эса улар сони 250 тага етиши кутиляпти.

Фото: nu.edu.kz