Қозоғистон агросаноатида Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Қозоғистон агросаноатида Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Қозоғистон агросаноат мажмуаси соҳасида Хитой тажрибасини ўзлаштиряпти. Алматидан 70 километр масофада бир неча йилдан буён Қозоғистон-Хитой аграр ташаббуслар тақдимот-намойиш зонаси мавжуд. Бу ерда Хитойнинг турли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти навлари ва илғор технологиялари Қозоғистон шароитига мослаштирилади. Унда жами 46 навдаги буғдой, маккажўхори, дуккаклилар, рапс ва бошқа экинлар бор. Жазирамага қарамай, донга дастлабки ишлов берилиб, арпа-буғдойдан бегона ўт ва донлар чиқариб ташланяпти. Икки йиллик меҳнати натижасида Светлана тозалаш учун қандай дон келтирилганлигини бир қарашда аниқлай олади.

СВЕТЛАНА МИХАЙЛОВА, ИШЧИ:

 - Доннинг дондан фарқи бор, қандай экишга ҳам боғлиқ. Баъзан хитой дони келтирилади. Сифат жиҳатидан фарқ яққол сезилади. Улар етиштирган дон майда, бизники анча йирик.

Хитойнинг иккита кузги буғдой нави синовдан муваффақиятли ўтди. Маҳаллий об-ҳаво шароитларига чидамлилиги, касалликка бардоши ва ҳосилдорлигини намойиш қилди. Улар ҳозир 10 гектар ерга экиляпти. Яқинидаги участкада эса бошқа намуналар синовдан ўтказиляпти.

МАНШУК ЖЕКСЕМБЕКОВА, "ИНТЕГРАЦИЯ-ТУРГЕНЬ" МЧБ ДИРЕКТОРИ, БИОЛОГИЯ ФАНЛАРИ НОМЗОДИ:

 - Шунингдек, маҳаллий селекция натижасида чиқарилган навларни ҳам, Россиядан келтирилганларини ҳам синаб кўрдик. Хитойлик олимлар селекцияси жуда қизиқарли – у нафақат ҳосилдорлиги, балки геокимёвий таркиби жиҳатидан ҳам Қозоғистонда, Россияда олинган навлардан кескин фарқ қилади. Масалан, клейковина ва таркибидаги протеин миқдори жиҳатидан.

Қозоғистон-Хитой аграр ташаббуслар тақдимот-намойиш зонаси Алматидан 70 километр масофада, Турген қишлоғи яқинида жойлашган. Бу ерда Шэньси провинциясидаги ЯнлИн намуна зонаси тажрибасига таяниб иш юритилади. Иш муваффақиятли кечган тақдирда тажриба майдонларини 10 марта кенгайтириш кўзда тутилган. Бундай кооперация, экспертлар фикрига кўра, Қозоғистон агросаноат мажмуаси самарадорлигини анча оширишга ёрдам беради. Ҳозирча етиштирилган ҳосилнинг ҳаммаси омборларда сақланяпти. Мамлакатда сертификатлаш ва рўйхатдан ўтиш ишлари амалга оширилгач, уруғликни маҳаллий аҳолига сотиш бошланади.

ЧЖАО ЭРЛУН, "ШЭНЬСИ ЯНЛИН" МЧБ ВАКИЛИ:

 - Компаниямиз бу ерда ўз иш фаолиятини 2015 йилда бошлаган, ўшанда қозоғистонлик миришкорлар билан шартнома тузгандик. 4 йил давомида ривожланиш суръатлари яхшилигини кўриб турибмиз. Биз илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда 46 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирамиз.

МАНШУК ЖЕКСЕМБЕКОВА, "ИНТЕГРАЦИЯ-ТУРГЕНЬ" МЧБ ДИРЕКТОРИ, БИОЛОГИЯ ФАНЛАРИ НОМЗОДИ:

-  Биз йил сайин Алмати вилоятида Фермер кунини ўтказамиз. Унда миришкорларни ўз ютуқларимиз билан таништирамиз. Йил давомида технология, уруғлик бўйича қандай ўзгаришлар юз берганидан бохабар қиламиз.

Фақат Турген қишлоқ округида 700 дан зиёд деҳқон хўжаликлари мавжуд. Кўпчилиги зироатчилик билан шуғулланади. Маҳаллий ҳокимлик хитойлик миришкорлар билан ҳамкорликдан манфаатдор ва уларга  ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатади.

ЕРЖАН КАРИБАЕВ, АЛМАТИ ВИЛОЯТИ, ТУРГЕН ҚИШЛОҒИ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Мамлакатимизга хорижлик технологлар ташриф буюргач, маҳаллий ижро органлари вакиллари сифатида инвесторларнинг яшаш шароитини яхшилашга кўмак бердик. Уларга ер ажратилиши масаласида ҳам барча муаммолар ҳал этилган: ижарага берилди. Ва айни вақтда тегишли ҳужжатларни юритишида ҳам ёрдам беряпмиз.

Хитойлик миришкорлар қозоғистонлик ҳамкасблари билан иссиқхонада сабзавот етиштириш технологияларини ҳам баҳам кўришга тайёр. Ҳозирда Хитой навларидан бўлган бодринг ва қалампир экиляпти, илк ҳосил қишга яқин олинади.

Фото: informburo.kz