Қозоғистонда жаҳондаги энг жадал телескоп ишга тушади

Қозоғистонда жаҳондаги энг жадал телескоп ишга тушади

Қозоғистонда, Назарбоев Университети базасида жойлашган халқаро лабораторияда дунёда тенги йўқ телескоп ўрнатилди. Ушбу энергетик космик лаборатория кўлами ва технологик тараққиёт жиҳатидан Марказий Осиёда ягона эканини ҳам айтиб ўтиш лозим. Коинотда юз бераётган турли жараёнлар бу ерда фаол тадқиқ этиляпти. Телескоп  учун турли қисмлар АҚШдан олиб келинди, хорижий техникани тенгсиз ускунага айлантириш имкониятини берган ўзгаришларни эса қозоғистонлик олимлар амалга оширди.  Унинг ўзига хослиги шундаки, мазкур аппарат дунёдаги энг жадал телескоп сифатида машҳур.

БЕКДАУЛЕТ ШУКИРҒАЛИЕВ, ЭНЕРГЕТИК КОСМИК ЛАБОРАТОРИЯ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

 - 6 секунд ичида у осмоннинг исталган нуқтасига йўналтирилиши ва кузатув олиб бориши мумкин. Коинотда тез юз берадиган жараёнлар бор. Гамма-чақинлар шундайлардан бири. Уларни термо-ядро реакцияларига ўхшатиш мумкин.

Телескопнинг иккинчи қисми Алмати вилоятидаги Асси-Тургень платосида жойлашган Қозоғистон обсерваториясига қўйилган. Лойиҳа жорий йил кузида ишга туширилади. Турли мамлакат олимлари онлайн шаклда суратларни кузата олади. Атиги 70 сантиметрли линзага эга ускуна Назарбоев университети энергетика космик лабораториясида ясалган. Олимлар таъкидлашича, коинотда юз бераётган жараённи кўнгилдагидек кузатиш учун уларга қозоғистонлик мутахассислар ишлаб чиқараётган ўта катта аниқликда ишлайдиган детекторлар зарур.

МАРЖАН БЕКБАЛАНОВА, ЭНЕРГЕТИК КОСМИК ЛАБОРАТОРИЯ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

 - Улар ахборотни қайта ишлаш зарур бўлган барча соҳаларда қўлланиши мумкин. Детекторлардан космосда юз бераётган жараёнлар, гамма-чақинлар каби феномен ва бошқаларни кузатиш учун фойдаланамиз. Бундай детекторни синовдан ўтказиб олиш учун бизга абсолют нолга тенг ҳароратга яқин ҳолат керак бўлади.

Бундай ҳароратга телескопга ўрнатилган махсус ускуналар ёрдамида эришиш режалаштирилган. Бугунгт кунда асосий мақсадлардан бири – шу каби илмий-амалий лойиҳаларни тижоратлаштириш. Бу анча мураккаб жараён. Аммо, экспертлар таъкидлашича, яхши самара беради. Нафақат Қозоғистон, балки жаҳон космик соҳаси учун ҳам.

Фото: Today.kz