Қишлоқ хўжалигида янги технологиялар

Қишлоқ хўжалигида янги технологиялар

Қозоғистонда қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бу эса самарадорликни, маҳсулот рақобатбардошлигини оширади ва соҳага инвестициялар кириб келишига ижобий таъсир кўрсатади. Айтиш жоиз, Қозоғистон агросаноат мажмуасидаги сармоявий лойиҳаларга Америка компанияларидан бири қизиқиш билдирди.

АҚШлик тадбиркорлар сунъий суғориш ускуналари ишлаб чиқарувчи завод қуриш тўғрисида ҳужжат имзолади. Лойиҳа илғор фермерлик хўжалиги тармоғини яратишга ёрдам беради. Уларда суғориш ва озуқа етиштиришга доир замонавий  технологиялардан фойдаланилади. Бунда инвестиция ҳажми жами 50 миллион долларни ташкил қилади.

СТИВ КАНЕВСКИ, КОМПАНИИ ПРЕЗИДЕНТИ /АҚШ/:

 - Қозоғистон билан ҳамкорлик қилиш ғояси ЭКСПО кўргазмаси ўтаётган вақтда туғилган. Биз бу минтақа тақдим этаётган имкониятлардан илҳомландик. Мазкур технология ёмғир машиналаридан фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сарфланаётган сув миқдорини камайтириб, ҳосилдорликни бир неча марта ошириш имконини беради.

Экспертлар улкан экин майдонлари ва яйловлари мавжуд мамлакатда янги корхона маҳсулоти етарлича эҳтиёжга эга бўлишига ишонч билдирмоқда.

САПАРХАН ЎМАРОВ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ:

 - Бугунги кунда Қозоғистонда 1,4 миллион гектар ер суғорилади. 2021 йилга бориб яна 600 минг гектар ер шундай жойлар қаторига киритилади. Умуман олганда, 2027 йилга бориб суғориладиган ер ҳажмини 3 миллион гектарга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун эса Қозоғистонда ёмғир ёғдирувчи ускуналар ишлаб чиқара бошлашимиз керак. Инвестиция умумий ҳажми – 50 миллион доллар. Йилига 1000 та машина ишлаб чиқарилади.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон фермерлари учун жорий этилаётган агротехник янгиликларнинг ижобий натижалари сезила бошлади. Масалан, мамлакатда экинзорлар космосдан мониторинг қилинмоқда. Бу эса тупроқ ва ўсимликлар аҳволи, об-ҳаво ўзгаришлари хусусида аниқ маълумот олиш имконини яратади. Бугунги кунда далаларнинг деярли 98 фоизи ер йўлдошлари орқали онлайн назорат қилиняпти. Рақамлаштириш туфайли миришкорлар учун алоҳида эътибор талаб қилувчи экинларни ҳам етиштириш имкони туғилди.   

ШИНБЎЛАТ ИРИСАЛИЕВ, ЗИРОАТЧИЛИК ВА ЎСИМЛИКШУНОСЛИК ҚОЗОҚ ИЛЛИЙ – ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ БОШ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

-  Мамлакатнинг жанубий-шарқий қисмида сўнгги икки-уч йил мобайнида дон экинларининг янги навларини экяпмиз. Янги техникадан фойдаланиб, селекция билан шуғулланамиз ва яхши ҳосил оламиз. Авваллари Қозоғистонда катта ҳудудларда сули етиштириларди. Биз бу экинни ҳам ўрганиб чиқдик ва бир гектарга 25 килограммдан экдик. Мўл ҳосил олишимизга ишончим комил.

Қозоғистонда бугунги кунда икки юз мингдан зиёд агросаноат тузилмалари ва 177 минг деҳқон ва фермер хўжалиги бор. Мутахассислар фан ютуқлари жорий этилиши орқали мамлакат агросаноат мажмуаси янги даражага чиқиши ва экспорт ҳажми ўсишига ишонч билдирмоқда.

Фото: bnews.kz