Қозоғистон ва Украина “ақлли шаҳар”лар барпо этиш борасида тажриба алмашмоқда

Қозоғистон ва Украина “ақлли шаҳар”лар барпо этиш борасида тажриба алмашмоқда

Қозоғистон ва Украина “ақлли шаҳар”лар барпо этиш борасида тажриба алмашмоқда. Ҳар иккала мамлакат мутахассислари келажак мегаполислари аҳолиси учун қулай ва хавфсиз бўлиши кераклигини таъкидлайди. Бундан ташқари, рақамли технологиялар экологияни яхшилаш ва шаҳар хизматлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида ўрнатилган “Сергек” видеокузатув тизими украиналик ҳамкасблар эътиборини тортди.

ЮРИЙ НАЗАРОВ, “KYIV SMART CITY” ТАШАББУСИ ҲАММУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

 - Астана шаҳрида йўлга қўйилган видеокузатиш тизими бизга жуда ёқди. Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини бирламчи ва иккиламчи видео, фотога олиш муҳим. Бу ишни биз фақат жорий йилда йўлга қўймоқчимиз. Бу борада Астана тажрибаси бизга жуда асқатади. Бу ерда йўлга қўйилган иш бизга намуна бўлади. Бизда 42 лойиҳа мавжуд ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео орқали аниқлаш устувор йўналишлардан.

“Kyiv smart city” ташаббуси 3 йил олдин таклиф этилганди. “Ақлли шаҳар” ва “Очиқ бюджет” дастурлари аҳоли ҳар қандай ижтимоий иншоот бюджети ва қурилиш босқичларининг боришини кузата олишига имконият яратган. Бундан ташқари, давлат харидларининг барча турлари электрон форматда амалга оширилади. Тендер ва аукционлар шаффоф амалга оширилади.

ЮРИЙ НАЗАРОВ, “KYIV SMART CITY” ТАШАББУСИ ҲАММУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

-  Киев ва Киев шаҳри маъмурияти доирасида барча харидларни электрон кўринишга келтирдик. Бизда 1800дан ортиқ таркибий қисмлар бор, уларнинг ичида Киев метрополитени каби улкан коммунал корхоналар ҳам мавжуд. Натижада, бугуннинг  ўзида биз жонажон шаҳримиз учун 100 миллион доллардан зиёдроқ маблағни тежаш имконини яратдик.

Умуман айтганда, янги дастур, шунингдек, қозоғистонлик янгилик иштиёқмандлари билан тажриба алмашиш аҳоли турмуш даражасини анча кўтариш имконини яратади, дейди Украина экспертлари.

Фото: 112.international