Янги кашфиёт: ўлчагичдан компанияга бир қадам

Қозоғистонлик талабалар Қуаниш Қириқбаев ва Жарасхан Қуаниш ўғли қизиқарли ноу-хауни амалга оширишмоқда. Ишланма замонавий ақлли қурилма бўлиб, энергия захираларини ҳисобловчи жиҳоздан хизмат кўрсатувчи компанияларга маълумот узатади. Қисмлари 100 фоиз Қозоғистон маҳсулотидан иборат қурилма таннархи арзон ва импорт ўрнини босиши мумкин.

ҚУАНИШ ҚИРИҚБАЕВ, СУЛЕЙМАН ДЕМИРЕЛ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАСИ:

Лойиҳа шундан иборатки, ҳозирда мавжуд ўлчагичларга шундай радиомодуль – радиомодемлар қўйилади, бу ўлчагичлар эса “LoRaWAN ва NB-IоT” деб аталадиган умумий тармоғимизга уланган бўлади бу бутун дунёда фойдаланиладиган янги технология. Шунингдек, бизнинг тармоқ барча маълумотни ЖКХ ягона ахборот тизимига узатади.

Мутахассисларнинг айтишича, “ақлли ускуна” ҳисоб чиқаришдаги хатоларни буткул бартараф этади. Бундан ташқари, жадаллик ва шаффофликни таъминлайди, аслида сарфланган захираларни ҳисобга олиш туфайли коммунал тўловларда тежаш имконини яратади. Радиомодемларнинг яна бир устунлиги – уларни ўрнатилган ўлчагичларга ҳам улаш мумкин, шунингдек, улар рақамли хуружлардан мустаҳкам ҳимояланган. Шуни ҳам айтиш лозимки, ёш қозоғистонлик кашфиётчиларнинг мазкур ташаббуслари Ёшлар йили доирасида қўллаб-қувватланяпти.

БАҚИТЖАН САЛИМОВ, “ҚОЗОҒИСТОН УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХЎЖАЛИК” ҲЖ ИЛМИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ВА СИНОВ-КОНСТРУКТИВ ИШЛАНМАЛАР БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

 - Йигитлар анча ишни амалга оширишган. Бугунги кунда улар бир неча танловларда иштирок этишди. Лойиҳа яхшигина синовдан ўтказилган, у йирик компанияларни қизиқтириб қўйди. Моддий жиҳатдан бир оз ёрдам берилди. Синов нусхалари сотиб олинди, келажакда уни оммавий ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари топилди. Чунки ушбу муаллифлар ишлаб чиққан радиомодулли узатгич бозордаги бошқа ускуналардан қатор устунликларга эга.

“Қозоғистон уй-жой коммунал хўжалик” ҲЖда таъкидлашларича, узатиш тизими захираларни самарали режалаштириш ва тақсимлаш имконини беради, “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун асос яратади. Ишланма пойтахтдаги уй-жой мажмуаларидан бирида синовдан ўтказилди. Яқин келажакда у Астананинг кўп қаватли уйларида, сўнг бутун Қозоғистонда татбиқ этилади.