“Яшил” энергия 500 мегаваттдан ошди

 “Яшил” энергия 500 мегаваттдан ошди

Ўтган йили Қозоғистонда “яшил” энергетика улуши 1,3 фоизни ташкил қилди. Тегишли орган маълумотига кўра қайта тикланувчи манбалар 500 мегаваттдан зиёд энергия берган. 2018 йилда Қозоғистон тарихида илк марта инвесторларни жалб этишнинг қулай воситаси бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини танлаш бўйича аукцион ўтказилди. Иштирокчиларга мамлакатимизда 1 гигаватт энергия сотиш таклиф этилди. Таъкидлаш жоизки, бундай кимошди савдолари дунёнинг 64 мамлакатида ўтказилади. Улар секторнинг инвестициялар учун жозибадорлигини оширади, электр энергиясига мақбул нархлар белгилашга имкон яратади.

САЛТАНАТ РАХИМБЕКОВА, “ЯШИЛ” ЭКОНОМИКА УЧУН КОАЛИЦИЯСИ РАИСАСИ:

– Мазкур аукционлар якунига кўра бугунги кунда қуёш электрстанцияларининг бир киловатт қуввати 22 тенге, шамолники 20 тенгега баҳоланди. Рақамларга келсак, 2020 йилга улушимиз 3 фоизга етади. Унга эришишимиз учун ҳам ким ошди савдолари ташкил қилинди, уларда 100 дан ортиқ компания иштирок этди. Икки аукционга кўра 30 тача шартнома имзоланди. Уларда 15 йилгача амалда бўладиган аниқ тарифлар белгиланган.

Экспертлар айтишича, аукционлар натижаларига кўра 300 миллиард тенге атрофида инвестиция жалб этилган. Республикада қуёш ва шамол электр станциялари қурилади. Лойиҳалар Шарқий ва Шимолий Қозоғистон, Манғистау, Алмати, Ақмўла ва Қўстанай вилоятларида амалга оширилади. 2020 йилга бориб 124 та қайта тикланувчи энергия манбаи объектлари ишга туширилади. Ўтган йили Қозоғистон “ЭКСПО – 2017”да тақдим этилган замонавий технологиялар амалга фаол жорий этиляпти. Кўргазмадан қолган мерос ҳам мамлакатда “яшил” энергетикани ривожлантиришга туртки бўлади.

ЕЛДЎС АБАКАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН ЭКОЛОГИК ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМЖАМИЯТИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

– “ЭКСПО” кўргазмаси ўтгач, 100 дан ортиқ жорий этишга тайёр технологиялар рўйхати – “ЭКСПО” мероси бўлган лойиҳалар шакллантирилганди. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Қозоғистон йирик корхоналари ҳамда ҳокимликлар аллақачон ушбу технологияларни жорий этиш имконини ўрганиб, муҳокама қиляпти.

Минтақаларда “ЭКСПО” меросидан 30 дан ортиқ технология ҳаётга жорий этилди. Натижада анъанавий ёқилғи сарфи камайди, шаҳар ва қишлоқларда атроф-муҳит яхшиланди, атмосферага чиқарилаётган зарарли қолдиқлар камайди.