Қозоғистонда «Smart City»лар: Ақтўбе

Қозоғистонда «Smart City»лар: Ақтўбе

Экспертлар фикрича, 2030 йилга бориб жаҳонда 600 дан ортиқ “ақлли” шаҳар бунёд этилади. Улардан бештаси – мамлакатимизда қурилади. “Рақамли Қозоғистон” давлат дастури доирасида Астана, Алмати, Қарағанди, Чимкент ва Ақтўбеда ривожлантириш режаси тузилган. Ақтўбе ҳам халқаро даражадаги мегаполисга айланиши даркор. Бугунги кунда ақлли технологиялар ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этиляпти, унинг узвий қисмига айланяпти. Халқ Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларига тобора камроқ мурожаат этмоқда. “Халқ канцелярияси” янги фронт офисида электрон далолатномаларни тез ва осон олиш мумкин.

БАЛҚИЯ БИРМАҒАМБЕТОВА, ШАҲАРЛИК:

– Киритилган янгиликлар ва рақамлаштириш туфайли зарур ҳужжатни атиги бир-икки дақиқада олдим. Фуқаролар учун қулай хизмат. Ишим жуда тез битди. Ҳамма жойда шундай хизмат кўрсатилса яхши бўларди.

Вилоят марказида “Сейф-сити” smart иловаси ҳам ишга туширилди. Ақлли чорраҳалар, фонарлар, бекатлар ва ҳатто машина турар жойларидан иборат лойиҳа хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган. Келажакда уйлар ҳовлисидаги, жамоат жойларидаги ўн минглаб видеокамералар ягона тизимга бирлаштирилади.

ИЛЬЯС ИСПАНОВ, АҚТЎБЕ ШАҲРИ ҲОКИМИ:

– Транспорт ҳаракатини созлаш. Биз қоидабузарликларни қисқа фурсатда аниқлай оламиз. Ҳайдовчиларни вазиятдан огоҳлантирамиз. Энг муҳими – фалокатларнинг олдини оламиз. Шунингдек, йўловчи ташиш соҳасида ҳам ишлаяпмиз. Фуқаролар қулайлиги учун транспорт дастурини ишга туширдик. 46 йўналишда электрон билетлардан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, йўл ҳақини СМС шаклида тўлаш имкони бор.

 “Информацион Қозоғистон” дастури доирасида амалга оширилаётган “Ел айна” лойиҳаси эса 2020 йилга бориб ниҳоясига етади. Ақтўбе – бўлажак агломерация хусусида барча зарур маълумотларни ана шу smart-илова орқали олиш мумкин бўлади.

Ғарбий Қозоғистон вилоятида 50 дан ортиқ рақамли лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Яқинда минтақада «Smart Uralsk» мобиль иловаси муваффақиятли ишлай бошлади. У ўзига хос йўлбошловчи-маълумот берувчи. Яна бир муваффақиятли лойиҳа – “Очиқ ҳокимлик”. У ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни тақсимлаш, жавоб қайтариш учун қулай майдончадир. Ҳар ойда ўртача 4 минг ураллик давлат хизматларига мурожаат этади. Меъморчилик, ер муносабатлари, қишлоқ хўжалиги бўлимлари ва канцелярия 10 та давлат, 18 та қўшимча хизмат кўрсатади. Уралликлар тажрибасидан баҳраманд бўлиш учун Ақтау, Атирау, Ақтўбе ва Кўкшетау шаҳарлари ҳокимлигидан вақиллар келишган.

АЛЕКСЕЙ ГУРИН, УРАЛЬСК ШАҲРИДАН:

- Жуда қулай қилинган. Ҳокимлик хизмати ҳаммага очиқ. Барча муаммолар тез ҳал қилинади. Ҳужжатларни расмийлаштириш билан биринчи марта тўқнаш келдим, аммо жуда тез, бир кун ичида барчасини битиришга улгуриш мумкин экан.

НУРСУЛТАН НУРЛАН, ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ВА АРХИВЛАРНИ РАҚАМЛАШТИРИШ БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

- Ушбу илова тарқоқ хизматларни бир жойга тўплаш ғоясидан келиб чиқиб ишланди. Мана, кўришингингиз мумкин. Мана, бу ерда транспорт. Биз кўпинча самолётлар ҳақида маълумот излаймиз, справочникларга қараймиз, автовокзалларни суриштирамиз. Бу ерда эса барчаси кўриниб турибди.

«Smart Uralsk» мобиль иловасида 30 тача электрон сервислар, шу жумладан, барча транспорт турларининг ҳаракат жадваллари, даволаш ва таълим муассасалари порталлари тўпланган. Шаҳарликлар уй-жойдаги навбатини текшириши, ўз сайлов округини топиши ва ҳатто меҳнат бозоридаги бўш иш ўринларини кўриши мумкин.