Иқтидорли кашфиётчилар – мамлакат ифтихори

Иқтидорли кашфиётчилар – мамлакат ифтихори

Юқори технологик лойиҳалар ва старт-апп маданиятини қўллаб-қувватлаш. Бу йўналишларга бугунги кунда Қозоғистонда катта эътибор бериляпти. Мутахассислар фикрича, топқир ва иқтидорли ёш кашфиётчиларнинг ғоялари туфайли мамлакатимиз келажакка пешвоз чиқаётган давлат сифатида ўзини намойиш қила олади. Инновациявий лойиҳалар таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва ҳатто интернет-сотишларда кўзга ташланяпти. Масалан, ақлли қулфлар фуқаролар хавфсизлигини таъминлай олади. Ишланма муаллифларининг айтишича, энди сон-саноқсиз пульт ва иловаларга ҳожат йўқ. Барча қулфларни мобиль телефон билан очиш мумкин.

ҚАНАТ КЕЛЬДИБЕКОВ, IT-ЛОЙИҲА АСОСЧИСИ:

- Билвосита рақобатчиларимиз бор. Жаҳонда 100 дан ортиқ “ақлли” қулф ишлаб чиқарувчилар мавжуд. Ҳар бир қулфнинг ўз калити бор. Улардан фарқимиз нимада? Бизнинг иловамиз ўзига хос – у ҳаммасига тушаверади. Биз ҳар қанақасига кира оламиз. Ҳар қандай қулф, ҳар қандай илова, тизимни биттагина илова орқали бошқара оласиз.

Қозоғистон мутахассислари болалар хавфсизлигини таъминловчи мобиль GPS-илованинг янги версиясини ҳам ишлаб чиқдилар. У бизнинг воқеликка имкон қадар мослаштирилган. Хавф тугмачаси бор, болангиз ўйинга овора бўлиб, қўнғироғингизни эшитмаётган бўлса - узоқдан туриб ўйин овозини ўчириш ҳам мумкин. Бола ижтимоий тармоқларда  қанча вақт ўтиргани ва қайси сайтларга кўпроқ кираётганини ҳам назорат қилиш мумкин.

ТАЛҒАТ АЯПОВ, IT- МУТАХАССИС:

- Илова бепул ўрнатилади. Ҳар қандай ота-она яшаш жойидан қатъи назар, ундан текин фойдаланиши, харажат қилмасдан боласи қаердалигини харитадан кузатиши мумкин.  Бола телефонга боғланиб қолиши – бугуннинг муаммоси.  Телефон фақат 2 соат ишлаши, сўнг блокланиб қолишини кўзлаяпмиз. Шундан сўнг болага фақат СМС ва қўнғироқларгина боради.

Ақтауда эса 20 ёшли Муқаш Бекен ўғли ўтган йили тўртта старт-ап лойиҳани ҳаётга татбиқ этди. Улардан бири - ёшлар учун замонавий коворкинг-маркази - бирга ишлаш жойи. 2019 йилда ёш тадбиркор янги “Демеу” лойиҳасини амалга оширмоқчи. Унинг ёрдамида кам таъминланган оилалар фарзандлари бизнес асосларини бепул ўрганишади.

МУҚАШ БЕКЕНУЛИ, ИЖТИМОИЙ ЖАМҒАРМА РАҲБАРИ:

Биз семинар-тренинг шаклида катта тадбир ўтказдик. Унда 1500 талаба қатнашди. Шунингдек, лойиҳалаш мавзусида 200 та талаба учун махсус семинар ташкил этдик. Маҳсудимиз – камида ҳар бир коллежда иккитадан ижтимоий лойиҳани амлага ошириш ва уларга имкон қадар кўпроқ ёшларни жалб қилиш. Ўйлайманки, бу вазифани уддалай оламиз.

Ушбу ва бошқа лойиҳалар ҳозир синовдан ўтяпти. Ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр инвесторлар ҳам етарлича. Бундан ташқари, технологик тараққиёт миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2019 йилдан энг яхши старт-апп лойиҳалар 50 миллион тенгегача бўлган давлат грантлари олиши мумкин.