Қозоғистонлик экологик тоза сабзавот ва мевалар

Қозоғистонлик экологик тоза сабзавот ва мевалар

2021 йилга бориб Қозоғистон юқори сифатили, экологик тоза сабзавот ва мевалар етиштириш бўйича Марказий Осиёда етакчи мавқега чиқишни режа қилган. Бунинг учун деҳқонлар ўсимликлар селекциясига алоҳида эътибор қаратишаяпти. Фан ютуқлари ва янги технологиялардан фойдаланиш бу борада катта ўрин тутади.

БИРЖАН РАХИМЖАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

-  Бошқа мамлакатлар билан биз қандай рақобат қиламиз? Ёнгинамизда иқлими қулай Ўзбекистон. Хитой ҳам қараб турмайди. Унинг ҳудудида амалда истаганча маҳсулот етиштириш мумкин. Россиядан илдизмевалилар келади. Маҳсулот керагидан ортиқ. Рақобатга бардош бера олишимиз учун биринчи навбатда экологик тоза, органик маҳсулотга эътибор қаратишимиз зарур. Биз бутун дунёга таниладиган ўз брендимизни ярата оламиз.

Фермерларнинг айтишича, бугунги кунда Қозоғистон қишлоқ хўжалигида энг илғор хорижий тажрибани кўчириш ҳар вақтдагидан муҳим. Масалан, Жанубий ва Шимолий Америкада оммалашган «нулли технология»ни Қозоғистонда ишлата бошлашди.

ЕРАСИЛ КАКЕНОВ, АГРАРИЙ:

-  Яқинда Аргентинада бўлдим. Кўп нарсаларни ўргандим. Бу технологияни Қозоғистонда қўлламоқчиман. Жорий йилда «нулли технология» асосида синов майдончаларида 5 гектар маккажўхори ва 3 гектар соя экдик. Янги технология туфайли маккажўхори гектаридан 5 тонна, яъни 50 центнердан ҳосил олдик. Соядан эса 15 центнер ҳосил унди. Бунда биз далаларни умуман суғормадик.

Қозоғистонда пайдо бўлган яна бир технология – тартибли деҳқончилик. Унда далалар махсус камера билан жиҳозланган узоқдан бошқарилувчи учувчи аппаратлар ёрдамида суратга олинади. Суратлар асосида фермерлар учун зараркунандалар кўпайиб кетган, экинлар касалланган, механик зарарланган муаммоли участкалар кўрсатилган хариталар тузилади,

ТИМУР ТАМЕНОВ, АГРОСАНОАТ СОҲАСИДАГИ  СТАРТАП ҲАММУАССИСИ:

– Биз билан суҳбатлашганда кўпинча фермерлар далаларида ҳамма нарса кўнгилдагидек эканлигини айтишади. Аммо дрон орқали қуш парвози баландлигида олинган суратларни кўрсатганимиздан кейин даланинг аҳволи ҳақида фикрлари дарҳол ўзгаради. Биз фермерга солинадиган ўғит миқдорини ҳам маромига келтиришга, шу асосда ҳосилдорликни оширишга ҳам ёрдамлашамиз.