Жуалида қуёшдан куч олинади

Жуалида қуёшдан куч олинади

Қозоғистондаги дастлабкилардан бири ва Марказий Осиёдаги энг йирик Жамбил вилоятининг Жуали туманидаги «Бурное Солар» қуёш электростанциялари йилига 150 миллион киловатт соат қувват ишлаб чиқаради. Корхона қувватини икки баравар ошириш ҳисобига бунга эришилди. Қуёш электрстанциясининг иккинчи навбатини 10 ойда қуриб битиришди. Қурилиш ишларида 300 нафар атрофида қозоғистонлик ва хорижлик мутахассислар иштирок этишди.

НУРЛАН КАПЕНОВ, ҚУЁШ ЭЛЕКТРСТАНЦИЯСИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

– 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси лойиҳасини рўёбга чиқариш жараёнида бюджетга 2,5 миллиард тенге атрофида мажбурий тўловлар ўтказдик. Бундан ташқари 35 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб этдик. Иккита лойиҳамиз, яъни 100 мегаватт қувват учун 50 миллиард тенге атрофида маблағ сарфладик.

Қуёш электр станциясининг иккинчи навбати учун 185 минг дона панеллар ўрнатилди. Жами 377 минг дона батареянинг умумий қуввати 100 мегаватт. Станция 70 минг уйни энергия билан таъминлай олади. Қуёш  чарақлаб турса станция бир кунда 330 минг киловатт-соатгача энергия бера олади. Ушбу корхонада иш жараёни тўла автоматлаштирилган ва мутахассисларнинг доимий назорати остида.

ИГОРЬ КАН, ҚУЁШ ЭЛЕКТРСТАНЦИЯСИГА ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ  ИНЖЕНЕР:

– 50 мегаватт қувват 16 инвертор станцияга тақсимланади. Ушбу станцияларда доимий ток ўзгарувчан токка айлантирилади. Сўнгра бутун қувват трансформаторларга боради.  У ерда юксалтирувчи трансформаторлар ёрдамида кучланиш 20 минг вольтдан 220 минг вольтгача кўтарилади.

Бугунги кунда энергия манбаларининг чорак қисми қайта тикланувчи манбаларга тўғри келади. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 80 фоизга етиши мўлжалланаяпти.