Замонавий техника – сифатли маҳсулот

Замонавий техника – сифатли маҳсулот

Қозоғистонда корхоналар рақобатбардошлиги ошиб боряпти.  Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва рақамлаштириш жорий этилиши туфайли ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва ҳажмини ошириш кўзланган. Ақтўбе вилоятида бу мақсадларга 85 миллиард тенге ажратилди. Натижада, элликдан ортиқ корхона асбоб-ускуналарини янгилади. Шунингдек, олтин сараловчи фабрикада ҳам такомиллаштириш ишлари кетяпти. Умуман олганда, минтақадаги  ишлаб чиқариш кучларини технологик модернизация қилишга инвестициялар шаклида жами 510 миллиард тенге жалб этилди. Шундан 35 фоизини хорижий капитал ташкил этади. Масалан, Хромтаудаги бойитиш фабрикасида мис-рух рудаларини қайта ишлаш линияси такомиллаштирилди. Бу эса маҳсулот ҳажмини оширишга имкон яратди. Эндиликда корхона йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконига эга. Модернизация туфайли технологик жараёнларнинг улкан қисмини автоматлаштириш имконияти яратилди. 

ЖАНАТ ХИБАТ, ТЕХНОЛОГ

Модернизация ишлари якунлангач, фабрикада иш самарадорлиги 10 фоизга ошди. Корхонамиз Қозоғистон ғарбидаги энг замонавий ишлаб чиқаришлардан бири ҳисобланади. Бизда иш жараёнларининг 70 фоизи автоматлаштирилган.

Алмати вилоятида қуйилган чўяннинг илк партияси олинди. Текели шаҳрида модернизация қилинган қотишмалар ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. Ҳозирча суткасига 250 тонна маҳсулот олиняпти. Иккинчи домна печи ишлай бошлагач, келаси йил баҳоридан  корхона қуввати 550 тоннага етади.

Текели корхонасига 20 миллиард тенге инвестиция жалб қилинган. Маҳсулот ички бозорга етказиб берилади, шунингдек, экспортга ҳам мўлжалланган.

БАХТИЯР ЎНЕРБАЕВ, ТЕКЕЛИ ШАҲРИ ҲОКИМИ:

 - Чўянга, айниқса, у экспертизадан ўтган ва сертификатланган бўлса, Қозоғистоннинг ўзида ҳам, хорижда ҳам, Европада ҳам эҳтиёж катта. Чет эл компаниялари маҳсулотимизни олиш учун шартнома тузишга тайёр. 2019 йил январидан  уни бошқа мамлакатларга экспорт қила бошлаймиз.