Келажак – инновацион технологияларда

Келажак – инновацион технологияларда

Қозоғистон режа асосида қадам-бақадам янги технологияларга ўтмоқда. Инновациявий технологияларни жорий этишнинг муваффақиятли намуналаридан бири Шимолий Қозоғистон вилоятида амалга оширилди. Бу ерда илк рақамлаштирилган сабзавот омбори пайдо бўлди. Беш камеранинг ҳар бири алоҳида маҳсулот учун дастурланган. Мобиль қўшимча ёрдамида ҳароратни назорат қилиш, ҳавони ионлаштириш ва намликни ўзгартириш мумкин.

ДМИТРИЙ ШАРАПАЕВ, ТАДБИРКОР:

- Бизда экологик тоза сабзавотлар етиштирилади, аммо уларни сақлаш қийин. Биз бу ишни уддаладик, барча маҳсулотлар ўз далаларимиздан, фермерларимиздан сотиб олинган.  Ва биз бу маҳсулотларнинг сифатини кафолатлаймиз.

Айни вақтда Қарағанди вилоятида бўш ётган ерлар ва ишлаб чиқариш биноларининг очиқ харитаси пайдо бўлди. Унинг ёрдамида тадбиркорлар лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун бўш жой топишлари енгиллашади. Улар онлайн режимида нафақат бўш ер, балки ундаги  инфратузилмалар хусусида маълумотга ҳам эга бўлишади. Реестрда 9 туман ва 9 шаҳардаги аукционга қўйилган ёки сотиш мўлжалланган бўш ерлар кўрсатилган.

ЕРНАР КУЛПЕИСОВ, МИНТАҚАВИЙ ТАДБИРКОРЛАР ПАЛАТАСИ ДИРЕКТОРИ:

- Маълумотни вилоят ҳокими сайтида ва ҳудудий тадбиркорлар палатаси сайтида кўриш мумкин. Қолаверса, мазкур ресурсда биз тўхтаб қолган корхоналар, турғун саноат майдончалари ҳақида ҳам маълумот берганмиз. Бундан ташқари, у ерда энергия манбаларига уланиш нуқталари ҳам белгиланган. Биз ушбу портални мунтазам ривожлантириб бормоқдамиз.

Жамбил вилоятида эса олтин конида «Рақамли кон» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унда барча ерости ва ер усти кон ишлари автоматлаштирилмоқда. Бу эса хавфли ишлардаги инсон меҳнатини камайтириш имкониятини яратади. Мутахассислар янги усулда ишлаш туфайли самарадорлик 5 фоизга ошиши, харажатлар эса 20 фоизга камайишини айтишмоқда.

ЖАНАРА АМАНЖОЛОВА, «АК АЛТИНАЛМАС» ҲЖ “РАҚАМЛИ КОН” ДАСТУРИ РАҲБАРИ:

 - Биз планшет технологияларини фаол жорий этмоқдамиз, маркшейдер суратга олишда лазер сканерларидан фойдаланамиз. Биз давлат кўмагига таянишга қарор қилдик. Технологик ривожланиш миллий агентлигига мурожаат этдик. улар биз билан бирга давлат кўмаги механизмларини кўриб чиқдилар.

“Рақамли Қозоғистон” дастурининг асосий мақсади рақамли технологиялар ёрдамида қозоғистонликлар турмуш даражасини оширишдан иборат. 2020 йилга бориб мамлакат ички ялпи маҳсулотида  IT-сектори улуши 5 фоизга етиши кутилаяпти.