Дунёда коронавирус юқтирганлар сони 31 миллиондан ошди

Дунёда коронавирус юқтирганлар сони 31 миллиондан ошди

Коронавирус Европа мамлакатларида катта суръатда тарқалмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган сафардаги каби қўрқинчли ҳолатлар юз бермаслигини айтаётган бўлса ҳам, барибир вазият жиддий. ЖССТ Европа бюроси директори Ханс Клюгенинг айтишича, баъзи мамлакатларда касалланиш ҳоллари ўсиши аввалгисидан бир мунча жадаллашгани кузатиляпти.

«Европада касаллар сони март ойидагидан анча тез кўпаймоқда. Сўнгги икки ҳафта давомида Европа Иттифоқи давлатларининг ярмидан зиёдида инфекция юқтирганлар сони ортаётгани кузатилмоқда», дейди  у.

Буюк Британия, Франция ва Испания коронавирус иккинчи тўлқини бошланганини маълум қилди. Бу давлатларда КВИ юқтириш ҳоллари тобора ортмоқда. Айни вақтда, ЖССТ 25 ёшдан 41 ёшгача бўлганлар тобора кўпроқ касалликка чалинаётганини тилга олди.

Таъкидлаш жоизки, Жонс Хопкинс университети тарқатган сўнгги маълумотга кўра, инфекция жаҳоннинг 188 мамлакатидаги 31 миллион 32 минг 45 одамда аниқланган. Қурбонлар сони 960 минг 729 нафарга етди. Тузалиб чиққанлар сони 21миллион 255 минг нафарни ташкил қилди.

КВИ дан энг кўп азият чекаётган давлат – АҚШ, унда жами 6 миллион 805 минг 342 одам хасталанди, 199 минг 511 бемор бу касалликдан вафот этди. Ҳиндистонда COVID-19 юқтирганлар сони  5 миллион 487 минг 580 нафарга етди. Учинчи ўриндаги Бразилияда  4 миллион 544 минг 629 нафар бемор бор. Шунингдек, Россия, Перу, Колумбия, Мексика, ЖАР, Испания, Аргентина, Франция, Чили ва Эронда ҳам беморлар кўп.

Европада карантинга қарши норозилик акциялари бошланди

Беморлар сони ортиб бориши туфайли Европа мамлакатларида қаршиликларга қарамай карантин чора-тадбирлари жорий этилмоқда. Мадрид аҳолиси намойишга чиқди.

Бугундан Испания пойтахтида жиддий чеклов чоралари жорий этилади. Аҳоли фақат ишга, ўқишга ёки даволанишга бориши мумкин. Парклар ва дўконлар соат 22 гача ишлайди. 6 кишидан зиёд гуруҳ тўпланиши тақиқланган. Маълум бўлишича,  вирус  тарқалиши суръати Мадридда бошқа минтақаларга нисбатан икки марта зиёд экан.

Буюк Британия раҳбарияти коронавирус чекловларига риоя этмаганларга солинадиган жаримани анча оширди. Биринчи қоидабузарлик учун минг фунт, такрорланса – ўн минг фунтгача хазинага тўланади. Врачлар фикрича, мамлакатда карантин ва масофаланиш қоидаларига риоя этмаётганлар улуши 20 фоиздан зиёд. Чора-тадбирлар кучайтирилиши норозиликка сабаб бўлмоқда. Лондонда фаоллар намойиш уюштирди, улар фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётганини таъкидлашмоқда. Полиция билан тўқнашувлардан сўнг 30 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Исроилда локдаун такрорланишига қарши норозилик акциялари бошланди

Исроилда Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга қарши намойиш бошланди. Норозилар ҳукуматни коронавирус тарқалишига қарши ўз вақтида чора-тадбирлар кўрмасликда айблаяпти ва бош вазирнинг истеъфога кетишини талаб қиляпти. Эслатамиз, шу кунларда Исроилда иккинчи локдаун бошланди. COVID-19 тарқалишига қарши курашиш учун аҳоли ўз уй-жойидан минг метр масофага узоқлашиши тақиқланди. Эпидемия бошланганидан буён мамлакатда 188 минг КВИга чалинди. 1200 нафар қурбон берилди.

 

Фото: bbc.com