Қозоғистон коронавирусни аниқлаш учун яна 1,2 млн тест-система харид қилади

Қозоғистон коронавирусни аниқлаш учун яна 1,2 млн тест-система харид қилади

Тез орада COVID-19 тест-системалари муаммоси ҳал этилади. Марказий Коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш  вазирлиги Товар ва хизматлар хавфсизлигини назорат қилиш қўмитаси раиси Тимур Султанғазиев бу ҳақда маълум қилди. Мамлакатда шу кунгача  1,7 млн тадқиқот ўтказилган. Қўмита раисининг фикрича, шу кунларда яна бир туркум тест-системалар харид қилиш масаласи ҳал этилмоқда.

«Миллий экспертиза маркази филиалларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тест-системалардан  фойдаланиш режалаштирилган. Резерв ҳисобидан ҳукумат 1,2 млн тадқиқотга етадиган тест тизимлари харид қилади. Техник талаблар ишлаб чиқилган. Уларга мувофиқ келувчи ускуналаргина сотиб олинади»,  деди у.

Спикер айни вақтда дори-дармонлар нархи назорат остига олинганини билдирди. Фуқаролар ҳар қандай нархларни кўтариб юбориш ҳоллари бўйича маълумот бериши мумкинлигини айтди.

«Фуқаролар Электрон ҳукумат портали ёки «DariKz» мобил иловаси орқали маълумот юбориши мумкин. Шунингдек, ушбу илова орқали тегишли дори-дармонларнинг энг юқори баҳосини кўриш имкони бор», деб тушунтирди Тимур Султанғазиев.

Препаратлар нархлари ошириб юборилиши олдини олиш учун махсус гуруҳлар тузилган. 1400 дан ортиқ аптека ташкилотлари назорат қилинмоқда.

 

Фото: khabar.kz