COVID-19 га қарши бирга курашамиз: ЖССТ Қозоғистонга экспертлар гуруҳини юборди

COVID-19 га қарши бирга курашамиз: ЖССТ Қозоғистонга экспертлар гуруҳини юборди

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги вакили Кэролайн Кларинваль республикада йўлга қўйилган чекловчи чора-тадбирларга риоя этишга чақирди. Унинг фикрича, аҳолининг интизомли иш тутиши вирусга қарши курашнинг олд қаторида турган врачлар ишини енгиллаштиради.

У, шунингдек, ЖССТ Қозоғистонга бир гуруҳ экспертлар юборишини айтди. Улар пневмония билан хасталаниш ҳолатларини кузатиш учун маҳаллий лабораторияларни кўздан кечиради. Халқаро ташкилот вакили мамлакатда хасталиклар кўпайиб кетиши COVID-19 га боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмади. Аммо бу борада аниқ фикр айтиш учун вазият таҳлил қилиниши зарурлигига урғу берди. ЖССТни энг кўп ташвишлантираётган нарса – аҳоли ижтимоий масофаланиш ва зарур эҳтиёт чораларига лоқайд муносабатда бўлаётгани.

«Вирус кўпроқ қариндош-уруғлар орасида юқаётганини кўриб турибмиз», деди Кэролайн Кларинваль.

Айни бир вақтда ЖССТ инсоният янги қоидаларга кўникиши зарурлигини таъкидламоқда. Ташкилот раҳбари «Яқин келажакда дунё аввалги ҳаёт тарзига қайта олмайди», деди. Айни вақтда COVID-19 га қарши кураш йўл харитаси тақдим этилди. Унда ўлим ҳолларини камайтириш, инфекция тарқалиши олдини олиш, одамларга эҳтиёт чораларини тушунтириш, ҳар бир мамлакатда стратегия ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

«Бугунги кунда вирус жадал суръатларда тарқалаётган минтақаларда қатъий карантин чоралари жорий этилди. Бундан мақсад – инфекция  тарқалишини назорат остига олиш. ЖССТ вирусга қарши курашда ҳамма мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Биргаликда  вируcни енга оламиз ва унинг тарқалишини тўхтатамиз», деб таъкидлади ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус.

 

Фото: interfax.ru


×