Вирус 188 мамлакатни қамраб олди

Вирус 188 мамлакатни қамраб олди

COVID-19 юқтирганлар сони дунё бўйича 11 миллионга яқинлашиб бормоқда. Касалланиш ва коронавирус қурбонлари сони бўйича АҚШ аввалгидек биринчи ўринда турибди.

Ўтган кеча-кундузда бу мамлакатда 53 мингдан ортиқ бемор аниқланди. Техас, Флорида ва Калифорния штатларида вазият жуда оғир. Губернаторлар  карантин чораларини кучайтирмоқда.

Айни вақтда, экспертлар америкаликлар эртага нишонлайдиган миллий байрам – Мустақиллик кунидан сўнг беморлар сони кескин ошиши мумкинлигини прогноз қиляпти.

АҚШ бош эпидемиологи Энтони Фаучи агарда шошилинч чоралар кўрилмаса, эпидемия фавқулодда оғир ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

«Беморлар ва вафот этганлар бўйича биз жуда катта йўқотишларга дуч келдик. Ҳозир яна бир муаммога дуч келдик: ҳукумат мамлакатни меъёрий ҳолатга қайтариш ва иш ўринларини очиш чоралари кўра бошлаши билан қатор штатларда касаллик кенг тарқала бошлади», деди Фаучи Би-би-сига берган суҳбатида.

Жонс  Хопкинс университети тарқатган баёнотга кўра, бу мамлакатда  2,7 млн. одам КВИ юқтирган, 128740 одам бу дарддан вафот этган.

Бразилияда ҳам вазият оғир. Эпидемия тобора чуқурлашиб бораётганига қарамай, мамлакат раҳбарияти иқтисодиётни тиклаш тараддудига киришди. Кўплаб экспертлар президент Жаир Болсонару тутган йўлни танқид қиляпти. Улар фикрича, эпидемиянииназоратга олиш муҳимроқ.  Мамлакатда 1,5 млн бемор бор. 61 884 нафар қурбон берилди.

Вирус жаҳоннинг 188 мамлакатида тарқалган. Зиддиятли ҳудудларда вазият жуда оғир. ЖССТ Яқин Шарқ мамлакатлари коронавирусга қарши курашда бор ресурсларини сарфоаб тугатганини билдирди. Экспертлар фикрича, Сурия ва Яманда шифокорлар касаллик тарқалишини назорат қилолмайди.

Вазиядан келиб чиққан ҳолда, БМТ Хавфсизлик кенгаши уруш олиб бораётган томонларни камида уч ой муддатга адоватни тўхтатишга чақирди. Бу эса Covid-19 тарқалишининг олдини олишда қўл келади.

 

Фото: dw.com