Жаҳонда COVID-19 қурбонлари сони ярим миллионга етди

Жаҳонда COVID-19 қурбонлари сони ярим миллионга етди

Калифорния университети олимлари таъкидлашича, коронавируснинг махсус нишлари бор ва у ана шу нишлари ёрдамида ҳужайралар ичига босиб киради. Шу муносабат билан, олимлар касалликни даволаш учун онкологияда ишлатиладиган воситалардан фойдаланишни таклиф қилишди.

Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси катта муаммоларга олиб келиши кутиляпти. Жонс Хопкинс университети тарқатган маълумотга кўра, шу кунгача жаҳонда 502 минг одам COVID-19 туфайли жон берди. Энг кўп ўлим ҳолатлари АҚШ, Бразилия ва Буюк Британияда кузатилди. Америкада 125 минг одам, Бразилияда 57 600, Бирлашган қиролликда эса 43,5 минг нафар қурбон берилди.

Шу кунгача дунёда 10 млн 147 минг одам касаллик юқтиргани аниқланди. Рўйхатдаги энг юқори поғоналарда АҚШ, Бразилия, Россия ва Ҳиндистон турибди. Тузалиб чиққанлар сони 5 млн 140 мингни ташкил қилди.

АҚШда ҳар куни яна 40 минг одам хасталанмоқда. Пандемия бошланганидан буён бу давлатда 2,5 млн одамга вирус юққан. Шу кунларда мамлакат жануби ва ғарбида вазият хавфли. Фақат Флориданинг ўзида бир суткада салкам 9 минг одам COVID-19 билан касалланган.

АҚШ бош эпидемилоги фикрича, чекловчи чора-тадбирлар енгиллаштирилиши касаллик авж олишига сабаб бўлган. Штат губернатори Рональд Десантис фикрича муаммо бошқа ерда:

«Менимча, кўплаб корхоналар яна иш бошлаши ҳам касаллик авж олишига сабаб бўляпти. Одамдар бир қанча соат бир жойда ишлайди, демак касаллик юқиш эҳтимоли кескин ортади. Пациентлар орасида 18 -44 ёшдагилар кўпайиб кетди. Эпидемия ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Шунинг учун жамоат жойларига бормаган маъқул», деди губернатор.

Россияда пандемия давомида 20 миллион атрофила коронавирус тестлари ўтказилди. Мамлакат вилоятларидан баъзиларида жамоавий иммунитетни аниқлаш мақсадида зиддимоддаларга ҳам тест олиняпти. Шу тариқа, фуқароларнинг қанча қисмида COVID-19га қарши иммунитет борлиги аниқланади. Шу кунларда Россияда 300 мингдан ортиқ одам шифокорлар назоратида. Сўнгги 24 соат давомида пациентлар сони яна 7 минг нафарга ортди. Жами 633 минг бемор аниқланган. 9 минг қурбон берилган.

Туризм саноати қачон оёққа туради?

Иқтисодий ўсиш ҳаракатлантирувчи кучларидан бўлган туризм COVID-19 дан катта зарар кўрди. Коронавирус Мисрни миллиардлаб доллар даромаддан маҳрум қилди. Экспертлар фикрича, вазият кузгача ўзгармаса, мамлакат иқтисодий парокандаликка учраши мумкин. Хасталар сони камая бориши билан Миср раҳбарияти дарҳол меҳмонхона ва пляжларни очиш режаси тузиш тўғрисида буйруқ берди. 1 июлдан бошлаб туристлар Қизил денгиз соҳилларидаги меҳмонхоналарда қабул қилинади.  Ҳозирча меҳмонхоналарнинг фақат 70 фоизи очилади. Агарда навбатдаги касаллик тўлқини бошланиб кетмаса, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳам туристларга эшик очади.

«Меҳмонларимиздан кимдир касаллик олибк елиши мумкинлигини истисно қилмаймиз. Бунга қарши қатор тавсиялар ишлаб чиқдик. Мисрда ташкил қилинган COVID-19га қарши курашиш учун тузилган махсус жамғарма ҳисобидан туристга дори-дармон ажратилади. Мамлакат курортлари қатъий назорат остида. Шарм-ал-Шайх, Хургада ва Мерса-Матруха ҳудуди касалликдан холи», деди Хургада меҳмонхоналари тармоғи катта менежери Али Шаирий.

Коронавирус Испания туризм соҳасига ҳам катта зарар етказди. Эпидемия туфайли очиқ ҳавода дам олишни истовчилар сони ортди. Шуни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий туроператорлардан бири Ронда тоғлари ёнбағирларида курортлар ташкил қилди.

Таъкидлаш жоизки, барча мамлакатларда эпидемия олдини олиш ва туристлар хавфсизлиги эътибор марказида.

 

Фото: pnp.ru


×