COVID-19: Европа аста-секин чегараларини очмоқда

COVID-19: Европа аста-секин чегараларини очмоқда

Бир қатор давлатларда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари аста-секин барқарор тус олмоқда, шунга кўра, ушбу мамлакатларда халқаро авиапарвозлар йўлга қўйиляпти. Масалан, Германия 15 июндан бошлаб,  Евроиттифоқнинг бир йўла 26 давлати учун ўз чегараларини очади.

Шуни қўшимча қилиш керакки, коронавирусдан зарарланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича 2-рейтингга кўра, мамлакат 9-ўринда. Жонс Хопкинс  университети ҳисоб-китобига қараганда, бу ерда COVID-19 билан 184 минг 472 киши хасталанган, 8 минг 635 киши вафот этган.

Италия: Евроиттифоқ давлатлари учун халқаро авиақатновлар йўлга қўйилади

Италияда кўрсаткичлар Германияникидан юқорироқ: 234 мингдан зиёд одам хасталанган, 33 миннгдан ортиғи вафот этган. Аммо бу ҳолат давлат келаси ҳафта ўртасида ўз чегараларини очишига халал беролмайди. Айтиш керакки, мамлакат ҳукумати бу билан чекланмади ва ҳатто бу ерга келган меҳмонлар 14 кунлик карантинда бўлиши ҳақидаги қоидани ҳам бекор қилди.

Давлат раҳбарияти пандемия туфайли путур етган мамлакат иқтисодиёти тезроқ тикланиши учун  шундай таваккалга бормоқда. Жумладан, мазкур чоралар туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган, зеро, бу соҳа  мамлакат ЯИМнинг 14 фоизини ташкил қилади.

Швейцария: қўшни давлат фуқароларини 6 июлдан бошлаб мамнуният билан қабул қилади

Швейцария чегараларини қисман очган ҳолда, эҳтиёткорона иш тутмоқда. Евроиттифоқнинг 22 давлати, шунингдек, Исландия, Лихтенштейн, Норвегиядан келган сайёҳлар Швейцария Альпини фақатгина 6 июлдан бошлаб, томоша қила олади.

Халқаро туризмни тўла ҳажмда тиклаш бу ерда 2024 йилдан бошланиши кўзда тутилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус ушбу давлатда  30 мингдан зиёд кишини зарарлаган.  1900 дан ортиқ одам вафот этган.

Бугунги кунда, Жонс Хопкинс университети маълумотларига қараганда, коронавирус билан хасталанганлар сони 6 миллион 600 мингни ташкил қилади. 390 мингдан ошиқ одам хавфли касаллик туфайли оламдан ўтди. Тахминан 3 миллион киши COVID-19  устидан ғолиб чиқа олди.

 

Фото: rfi.fr