Қозоғистон Бош санитария врачи: коронавирус юқтирганлар сони ортмоқда

Қозоғистон Бош санитария врачи: коронавирус юқтирганлар сони ортмоқда

Сўнгги ҳафта давомида хасталар сони 15 фоизга ошди. Бош санитария врачи Айжан Есмағамбетованинг ўтказилган брифингида баён қилишича, оммавий тестлар ўтказиш натижасида кўплаб хасталарни аниқлаш имкони туғилган. Шу кунгача 559 мингта COVID-19 тести ўтказилган.

Карантин талабларига риоя этмаслик ҳам касаллик тарқалишига таъсирини кўрсатяпти. Шу жумладан, меҳнат қилаётган жамоаларда ҳам. 

«Атирау вилоятида 935 ҳолат рўйхатга олинди. Чимкентдаги битта МЧБнинг ўзида 101 та ҳолат. Қарағанди вилоятидаги конларда 34 ҳолат», деди Айжан Есмағамбетова.

Шунингдек, Бош санитар врачнинг айтишича, тадбиркорлар томонидан қоидабузарликлар кўп учраяпти. Пойтахтда инспекторлар 358 объектни текширувдан ўтказган, уларнинг  85 фоизи коронавирусга оид чекловларга риоя қилмаган. 

«Ҳатто магазинларда ҳам талабларга риоя этилмаяпти. Сотувчилар ниқоб, қўлқоп ва махсус кийимдан фойдаланишмаяпти. Антисептика йўқ. Нон маҳсулотлари қадоқланмаган. Умумий овқатланиш, стоматология, сартарошхона ва гўзаллик салонларида ҳам санитария-дезинфекция тартибига риоя қилинмаяпти. Ваҳоланки, Нур-Султонда деярли ҳар куни чакана савдо магазинлари сотувчилари орасида касалланганлар аниқланмоқда.  Бугунги кунда биз жазо чоралари кўриш, жаримага тортиш ва ҳатто объектни ёпиб қўйиш ҳуқуқига эгамиз»,  деб огоҳлантирди Айжан Есмағамбетова.

 

Фото: otyrar.kz