Ўзбекистонда халқлар дўстлиги ҳақида фильм суратга олинмоқда

Ўзбекистонда халқлар дўстлиги ҳақида фильм суратга олинмоқда

Ўзбекистонда 20-аср боши ва ўрталарида юз берган воқеаларга асосланган «Мерос» фильми суратга олиняпти. Кинокартина қозоқ ва ўзбек халқларининг азалий қон-қардошлиги, уларни боғлаган мустаҳкам ришталар, икки халқ дўстлиги ҳамда қозоқ қизи ва ўзбек йигити муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Бош қаҳрамон мураккаб вазиятга тушиб қолади ва муҳаббатига етиша олмайди. Лентада, шунингдек, маънавий қадриятлар, Хожа Аҳмад Яссавий асос солган мактаб ҳам акс эттирилган.

Ҳилол Насимов, режиссёр:

- Бизда жуда кўп машҳур қозоқ актёрлари ролларга тасдиқланган. Димаш ака, Нурлан ака. Айгул роли ижрочиси Қозоғистондан танланганди. Уни узоқ кутдик. Охирида бу ролни ўзбекистонлик қозоқ қизи ижро этди.

Сулув Айгул ролини актриса Айсанем Юсупова ижро этади. Аввалроқ у бир неча маҳаллий ва Қозоғистон картиналарида қатнашган.

Айсанем Юсупова, актриса:

- Суратга олишдан аввал ўша давр қозоқ қизлари образини ўргандим. Интернетдан уларнинг миллий кийимлари ва ўзини тутиши ҳақида маълумот тўпладим. Шунинг учун Айгулни жонлантиришга қийналмадим. Бош қаҳрамон кўп қийинчиликларни енгиб ўтади. Аввалига ўзи севган инсон билан учраша олмайди. Бошқа бировга турмушга чиқади. Уч фарзанди касалликдан вафот этади. Турмуш ўртоғи урушга кетади.

Фильм эпизодлари Беларусь ва Қозоғистонда суратга олиниши режалаштирилганди. Лекин коронавирус режаларни ўзгартирди.

Ҳилол Насимов, режиссёр:

- Пандемия халал берди. Биз ҳалигача Қозоғистонга боролмаяпмиз. Тўғрироғи, Туркистондаги  Аҳмад Яссавий мақбарасига. Бир қанча саҳналарда айиқлар суратга олиниши зарур. Уларни Қозоғистонда олишни истардик.

Картина келгуси йил бошида катта прокатга чиқарилиши режалаштирилган.

 

Фото: tvoyposter.ru


×