Эндиликда Қозоғистон қўшиқчилари фонограмма ишлатган тақдирда томошабинларни огоҳлантириши зарур бўлади

Эндиликда Қозоғистон қўшиқчилари фонограмма ишлатган тақдирда томошабинларни огоҳлантириши зарур бўлади

Келгусида қозоғистонлик санъаткорлар ўз концертларида фонограмма ишлатган тақдирда буни олдиндан афишаларида кўрсатишлари шарт бўлади. Акс ҳолда уларни ва концерт ташкилотчиларини жаримага тортиш таклиф қилинган. Парламент Мажлисида кўрилаётган «Маданият соҳасидаги Қозоғистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шундай таклиф ҳам бор. Мамлакат Маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқулова айтишича, мамлакатда баъзи артистлар фаолиятини назорат қилиш эҳтиёжи туғилган Уларнинг саҳнада ўзини тутиши, концертларни бекор қилиши, репертуар танлашда адабий тил меъёрларига мувофиқ бўлмаган лексикадан фойдаланиши кўпчиликда эътироз уйғотмоқда.

«Томошабинни фонограмма ишлатилиши тўғрисида огоҳлантириш ҳам муҳим. Фонограмма ишлатиш тартиби эса тегишли ҳужжатларда кўрсатилади», дейди вазир.

Шунингдек, янги қонун лойиҳасида минтақавий маданият ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун кенгашлар тузиш кўзда тутилган. Айни вақтда, ижтимоий аҳамиятга эга адабиётни давлат муаллифлардан сотиб олиши тартибига ҳам ўзгаришлар киритилади. Маълум муддат бу адабиёт фақат кутубхоналарга киобхонлар бепул фойдаланишлари учун берилади.

«2017 йилда депутатлар таклифи билан ижтимоий аҳамиятга эга адабиёт учун давлат қалам ҳақи тўлаш амалиёти йўлга қўйилганди. Бундай иш тартиби дунёнинг бошқа бирор мамлакатида йўқ. Муаллифдан бадиий асар ҳуқуқлари сотиб олиниши 70 йил давомида фақат давлат томонидан кутубхоналарга тарқатиш учун харид қилинишини англатарди. Муаллиф эса бу давр мобайнида асарни қайта чоп этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинарди», дейди Раимқулова.

Қонун лойиҳасида кутубхона, маданият ташкилотлари, ижодий иттифоқлар, нашриётлар ишини ривожлантириш бўйича ҳам қулай шароит яратиш кўзда тутилган.

 

Фото: eventiks.ru