Абай ижоди хорижда оммалаштирилмоқда

Абай ижоди хорижда оммалаштирилмоқда

Абай Қўнонбоевнинг машҳур асарлари француз тилига таржима қилинади. Нашр этилган китоблар икки ойдан сўнг Ренн университети кутубхонасига топшириш режалаштирилган. Тиббиёт фанлари доктори, Ренн шаҳридаги Қозоғистон Республикасининг Фахрий  консули Жанар Авар-Туребаева айтишича, мазкур таълим даргоҳида талабалар учун абайшунослик ва қозоқ адабиётига оид маърузалар ташкил қилинади.

«Шунингдек, биз ҳозир «Квартет Аль-Ренн» гуруҳини ташкил қиляпмиз, у Абай ва халқ қўшиқларини ижро этади», дея таъкидлайди Жанар Авар-Туребаева.

Осмоности мамлакатида эса абайхонлик эзгу анъанага айланди. Беш йилдан буён шундай тадбир ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда у онлайн форматда ташкил қилинди. Хитойдаги Қозоғистон Республикаси элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган анжуманда қўшни давлат бошқарув органлари ва академик доиралар вакиллари, шунингдек, қозоқ тилини фаол ўзлаштираётган талабалар қатнашди. Абайхонлик кунларида мамлакатлар орасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Буюк шоир 175 йиллиги муносабати билан элчихона Хитой ижтимоий тармоқларида Абайнинг «Қора сўзлари»ни  мунтазам чоп этмоқда.

«Абайни мутолаа этарканмиз, қозоқ халқи ва Қозоғистонни янада яхшироқ тушуниб етамиз. Абайнинг «Қора сўзлари» хитой тилида алоҳида тўплам бўлиб чиқди. Бугунги абайхонлик ҳам ажойиб тарзда ўтди. Шоир асарлари қозоқ ва хитой тилларида ўқилди. Бундай тадбирларни кўпроқ ўтказиб туриш зарур», дейди ёзувчи Акбар Мажит ўғли.

«Мен Пекин хорижий тиллар университетида ўқийман. Қозоқ тилини ўрганиш жараёнида буюк шоир ва маърифатчи Абай Қўнонбоев асарларига қизиқиб қолдим. Хитойлик Конфуций каби Абай ҳам донишманд, унинг чуқур фикрларини тушуниш осон. Ушбу тадбир учун Қозоғистон элчихонасига миннатдорчилик билдираман», дейди Пекин хорижий тиллар университети магистранти Чжан Юньди.

 

Фото: matritca.kz